Эрондаги уруш Ҳиндистоннинг 6 миллиард долларлик қадоқланган сув саноатига босим ўтказмоқда. Ишлаб чиқарувчилар зарур хом ашёни топишда қийналмоқда. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Март ойида бозор етакчиси бўлган Бислери компанияси сув нархларини 11 фоизга оширди — 1 литрлик 12 дона сувдан иборат қути 24 рупийга (0,26 доллар) қимматлашди. Bailley ва Clear Premium Water каби брендлар ҳам нархларни кўтарган.
Шаҳарлардаги уй хўжаликларининг қарийб 15 фоизи ва қишлоқлардагиларнинг 6 фоизи ичимлик суви учун қадоқланган сувга таянади. Ҳиндистоннинг кўплаб ҳудудларида, айниқса ёзда, сув танқислиги, ерости сувлари ифлосланиши ва инфратузилма муаммолари сабаб тоза сувга эҳтиёж ортади.
Ишлаб чиқарувчилар уруш чўзилса, бу муҳим маҳсулот кўплаб ҳиндлар учун кескин қимматлашиши мумкинлигини айтмоқда. Дунё нефть ва суюлтирилган газининг қарийб 20 фоизи ўтадиган Ҳормуз бўғози ҳозир деярли ёпилган, бу эса глобал ёнилғи нархларини ошириб юборди.
Нефть ва газ импортига боғлиқ Ҳиндистон бу босимни сезмоқда. Маҳараштра қадоқланган сув ишлаб чиқарувчилари ассоциацияси раҳбари Вижайсин Дуббалнинг айтишича, пластик идишлардаги сув нархининг ошишига асосий сабаб — хом нефть нархининг кескин кўтарилиши. Brent маркали нефть нархи ҳафтанинг бошида бир баррел учун 119 долларгача чиқди.
Хом нефтьдан PET (полиэтилен терефталат) гранулалари ишлаб чиқарилиб, улар эритилиб пластик бутилкалар тайёрланади. Дуббалнинг айтишича, преформа нархи 1 килограмм учун 115 рупийдан 180 рупийгача ошган, таъминотда ҳам танқислик бор. Натижада Маҳараштра штатидаги заводларнинг қарийб 20 фоизи вақтинча ёпилган.
Ҳозирча айрим компаниялар қўшимча харажатларни ўз зиммасига олиб, нархларни ушлаб турмоқда. Шу сабабли 1 литрлик сув (20 рупий/2600 сўм) ва 5 литрлик сув (60–70 рупий/8-9 минг сўм) нархлари деярли ўзгармаган.
“Аммо қўшимча харажатларни ўз зиммасига олиш компаниялар учун барқарор амалиёт эмас. Вазият ёмонлашса, бунинг таъсирини истеъмолчилар сезади”, дейди Дуббал.
Таъминотдаги босим айни ноқулай пайтга тўғри келган, апрель–май ойларида Ҳиндистонда қадоқланган сув ва ичимликларга талаб кескин ошади. PET қадоқлаш нафақат сув ва ичимликлар, балки косметика, фармацевтика, ресторан ва етказиб бериш хизматларида ҳам кенг қўлланилади.








