Daryo

Путин Пашинянни огоҳлантирди: “Арманистон Европа Иттифоқига кира олмайди”

“Шуни очиқ айтиш керакки, бирваракайига ҳам Европа Иттифоқи, ҳам Евросиё иқтисодий иттифоқида қолишнинг имкони йўқ”, деди Россия президенти.

1 дақиқа ўқиш13 079 кўришлар0 изоҳ7

Россия президенти Владимир Путин Арманистон бош вазири Никол Пашинян билан учрашувда Ереваннинг Европа Иттифоқи (ЕИ) билан алоқаларни ривожлантириш истагига Россия хотиржам муносабатда эканини, бироқ бир вақтнинг ўзида икки божхона иттифоқида бўлиш имконсизлигини айтди. Бу ҳақда “РБК” хабар берди.

Россия етакчисининг таъкидлашича, ҳар бир давлат учинчи мамлакатлар билан ҳамкорликдан максимал фойда олишга интилиши тушунарли ҳолат. Бироқ бу борада аниқ чегаралар мавжуд.

“Шуни очиқ айтиш керакки, ҳам Европа Иттифоқи, ҳам Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)да қолишнинг имкони йўқ. Бу соф иқтисодий масала”, деди Владимир Путин.

Маълумот ўрнида, ЕОИИ таркибига Россия, Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Беларусь киради.

Февраль ойида Арманистон парламенти спикери Ален Симонян Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашувда Арманистон ЕОИИдан чиқишни зарур деб ҳисобламаслигини айтган эди. Ўз навбатида, Лавров Арманистоннинг ЕОИИдаги аъзолиги мамлакатнинг Европа Иттифоқига қўшилиши билан мос келмаслигини билдирган.

Жорий 2026 йил бошида Никол Пашинян Арманистоннинг ЕИга тўлақонли аъзо бўлиш борасидаги интилишларини эълон қилган эди. У 2024 йил март ойида мамлакат парламенти томонидан қабул қилинган “ЕИга қўшилиш жараёнини бошлаш тўғрисида”ги қонун Евроинтеграцияга расман йўл очганини эслатиб ўтди.

Шунга қарамай, Пашинян имкон қадар ЕОИИ аъзолигини ЕИга кириш ҳаракатлари билан бирга олиб бориш ниятида эканини айтган.

Арманистон Иқтисодий ривожланиш вазирлиги мамлакат ЕОИИ билан ҳамкорликни бошқа бир тузилмага алмаштириш ниятида эмаслигини, бироқ савдо шерикларини диверсификация қилиш Ереван учун муҳимлигини тушунтирди.

Россия бош вазири ўринбосари Алексей Оверчук эса Арманистон ЕИга қўшилиш бўйича қарор қабул қилаётганда Европа Иттифоқининг ўзгараётган табиатини ҳисобга олиши кераклигини айтди. Унга кўра, ЕИ иқтисодий блокдан ҳарбий-сиёсий иттифоққа айланиб бормоқда ва ҳозирда Россияга нисбатан “агрессив кайфиятда”.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар