АҚШ ва унинг Европадаги энг яқин иттифоқчилари ўртасидаги муносабатлар сўнгги ўн йилликлардаги энг оғир нуқтасига етди. Дональд Трамп маъмуриятининг Эронга қарши бошлаган ҳарбий кампанияси нафақат Яқин Шарқни, балки НАТОнинг 80 йиллик пойдеворини ҳам силкитиб қўймоқда. Бу ҳақида The Washington Post нашрида эълон қилинган мақолада айтилади.
Ҳарбий базалар ва “Ҳаво ҳудуди уруши”
Эронга қарши кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан бери АҚШ кутилмаган қаршиликка дуч келди. Одатда Вашингтоннинг энг содиқ ҳамкорлари деб кўриладиган давлатлар кутилмаганда “йўқ” дея жавоб беришни бошлади.
Италия ҳукумати Сицилиядаги Сигонелла базасига АҚШ самолётларининг қўнишини тақиқлади. Бу базадан ўн йиллар давомида Ўрта Ер денгизидаги операциялар учун марказ сифатида фойдаланилган.
Маълум қилинишича, бир нечта АҚШ бомбардимончи самолётлари Яқин Шарқ томон йўл олишдан аввал Сицилия шарқидаги ушбу базага қўниши режалаштирилган эди. Самолётларнинг айнан қачон қўниши керак бўлганига аниқлик киритилмади. Қўшимча қилинишича, рад этилишига асосий сабаб — АҚШнинг тегишли рухсатномани сўрамагани ва Италия ҳарбий раҳбарияти билан маслаҳатлашмаганидир. Амалдаги халқаро шартномаларга кўра, Италия ҳудудидаги АҚШ ҳарбий объектларидан фойдаланишда мамлакат раҳбарияти билан келишиш мажбурий ҳисобланади.
Испания бош вазири Педро Санчес эса нафақат ҳарбий базаларни ёпди, балки АҚШ ҳарбий ҳаво кучларига Испания устидан учиб ўтишни ҳам ман этди. Бу Санчес учун ички сиёсатда катта ғалаба бўлди — у “Европа қаршилиги”нинг рамзига айланди.
АҚШга “ёрдам қўлини чўзишни истамаганлар” орасида Франция ҳам бор. Улар Эронга ҳужум қилиш операцияларида қатнашаётган самолётларга ўз осмонини ёпиб қўйди.

Ҳормуз бўғози: Дунё иқтисодиёти хавф остида
Дональд Трампнинг баёнотлари глобал нефть бозорини саросимага солди. Ҳормуз бўғози орқали дунё нефтьининг қарийб 20 фоиз қисми ўтади.
2024-йилда бўғоз орқали ташилган қайта ишланмаган нефтьнинг 84 фоизи ва суюлтирилган табиий газнинг 83 фоизи Осиё бозорларига йўналтирилган эди.
Эроннинг бўғоздаги назорати АҚШ нефтьининг нархи душанба куни 2022-йилдан бери илк бор бир баррели учун 100 доллардан ошишига олиб келди. Баъзи молиявий таҳлилчилар, агар уруш сув йўлида давомли узилишларга сабаб бўлса, нарх бир баррел учун 200 долларгача кўтарилиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Трампнинг “Агар Франция ёки бошқа давлатлар нефть олмоқчи бўлса, у ерга бориб ўзларини ҳимоя қилишсин” деган сўзлари АҚШнинг ўн йиллар давомида амал қилиб келган “глобал хавфсизлик кафолати” ролидан воз кечаётганини англатади. Бу эса энергия нархларининг кескин кўтарилишига ва фонд бозорларининг қулашига сабаб бўлмоқда.
Шу билан бирга АҚШ президенти Дональд Трамп маслаҳатчиларига, ҳатто Ҳормуз бўғози ёпиқ қолса ҳам, Эронга қарши урушни якунлашга тайёрлигини айтгани хабар қилинган.
Ўтган ой давомида Трамп Ҳормуз бўғози масаласида омма олдида турли хил фикрлар билдирди, бу эса урушнинг умумий мақсадлари борасидаги қарама-қарши баёнотларининг бир қисмидир. У гоҳида, агар сув йўли маълум муддатгача очилмаса, фуқаролик энергетика инфратузилмасини бомбардимон қилиш билан таҳдид қилди. Бошқа вақтларда эса, бўғознинг АҚШ учун аҳамиятини пасайтириб кўрсатиб, унинг очилишини бошқа давлатлар ҳал қилиши керак эканини айтди.
НАТОнинг келажаги сўроқ остида
Вазиятнинг энг хавфли жиҳати — НАТОнинг “Коллектив мудофаа”(5-модда) тамойилининг заифлашишидир. Трамп иттифоқчиларни “қўрқоқлик”да айблаб, агар улар Эронга арши урушда ёрдам бермаса, АҚШ ҳам Европани ҳимоя қилишда қатнашмаслигини очиқ айтди.
“Сиз биз учун у ерда бўлмаганингиздек, АҚШ ҳам энди сизга ёрдам бермайди”, деб ёзди Дональд Трамп Truth Social’даги саҳифасида.

Бунга жавобан Европа пойтахтларида “бу бизнинг урушимиз эмас” деган шиор янграмоқда. Германия каби давлатлар операциянинг муваффақиятига шубҳа билан қарамоқда, Италия эса АҚШ улар билан маслаҳатлашмасдан бошлаган урушни “қўллаб-қувватламаслигини” билдирди.
Бугунги зиддият шуни кўрсатмоқдаки, Европа энди АҚШнинг ҳар қандай ҳарбий ташаббусини сўзсиз қўллаб-қувватлашга тайёр эмас. Трампнинг “Европа ўзини ўзи ҳимоя қилиши керак” деган талаби Иттифоқни ўз ҳарбий қудратини яратишга ёки бошқа геосиёсий қутбларни қидиришга мажбур қилиши мумкин.
Бугун тунда АҚШ вақти билан 21:00 да Дональд Трампнинг халққа мурожаати кутилмоқда. Бу мурожаат ё урушнинг тугашини, ё глобал иттифоқларнинг буткул парчаланишини англатиши мумкин.








