Daryo

Нетаньяху Ливан жанубига босқинни кенгайтиришни буюрди

Бу “Ҳизбуллоҳ“ билан катта жангга олиб келиши кутилмоқда. Можаро сабаб Ливанда қарийб 1240 нафар одам ҳалок бўлди, бир миллиондан ортиқ аҳоли уйини тарк этди.

1 дақиқа ўқиш3 071 кўришлар0 изоҳ0

Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху мамлакат армиясига Ливан жанубидаги ҳарбий амалиётларни кенгайтиришни буюрди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.

“Мавжуд хавфсизлик буфер зонасини янада кенгайтириш бўйича топшириқ бердим. Биз Исроилнинг шимолидаги вазиятни тубдан ўзгартиришга қатъий қарор қилганмиз”, деди Нетаньяху.

У, шунингдек, ҳудудни назорат қилишда “Ғазо модели”ни қўллаш ниятини билдирди. Нетаньяхунинг баёноти Исроил қўшинлари Ливан жанубида бир нечта йўналишда олдинга силжиб, Литани дарёси томон ҳаракатланаётган бир пайтда янгради.

28 февраль куни Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий ўлдирилгач, Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи қасос ҳужумлари билан урушга қўшилди. Ҳозирда Исроил Ливан ҳудудларига авиазарбаларни давом эттирмоқда.

Ливан жанубидаги Тир шаҳридан репортаж тайёрлаган Al Jazeera мухбири Обаида Хитто сўнгги соатларда “Ҳизбуллоҳ” ва Исроил ўртасидаги жанглар кескинлашганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Исроил қўшинлари Қантара шаҳридан жанубда Литани дарёсининг ирмоқларидан бирига етиб келган. Хитто буни “катта стратегик ўзгариш” деб баҳолади.

“Улар етиб келган ирмоқ Литани дарёсидан атиги бир неча километр, айрим жойларда эса бир неча юз метр узоқликда жойлашган. “Ҳизбуллоҳ”дан эшитганларимизга асослансак, бу катта жангга айланади”, деди мухбир.

Ливан 2 март куни урушга тортилганидан бери Исроил ҳужумлари туфайли камида 1238 киши ҳалок бўлди. Қурбонлар орасида 124 нафар бола бор, 3,5 мингдан ортиқ киши яраланган. Шанба ва якшанба кунларининг ўзида 49 киши, жумладан 10 нафар қутқарувчи ва 3 нафар журналист ҳалок бўлди. БМТ можаро сабаб 1,2 миллиондан ортиқ одам ўз уйини тарк этишга мажбур бўлганини таʻкидлади.

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар