АҚШ давлат котиби Марко Рубио G7 ташқи ишлар вазирларига Эрон билан уруш яна икки ҳафтадан тўрт ҳафтагача давом этишини айтди. Бу ҳақда Axios манбаларга таяниб хабар бермоқда.
Шунингдек, у ҳамкасбларини АҚШ Эрон билан тўғридан тўғри “жиддий музокаралар” ўтказишга яқин эканига ишонтирди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда Вашингтон Теҳрон билан фақат воситачилар орқали мулоқот қилмоқда.
Шу билан бирга, Рубио музокаралар секин суръатда давом этаётганини қўшимча қилди. Воситачиларга Эрон расмийлари билан мулоқот қилиш қийин, чунки улар ўз ҳаётига хавф туғилишидан қўрқишмоқда, деди Давлат департаменти раҳбари. Улар “кузатувга тушиш ва йўқ қилинишдан қўрқиб, ўз телефонларидан узоқроқ туришибди”, дея Марко Рубионинг сўзларини келтирди Axios манбалари.
Музокараларда иштирок этган АҚШ вакилининг қўшимча қилишича, Вашингтон Теҳронда аслида ким қарор қабул қилаётганига ишончи комил эмас. Унинг сўзларига кўра, АҚШ билан расмий музокаралар ўтказмоқчи бўлган икки эронлик амалдор бор, аммо уларга юқори раҳбариятнинг розилиги керак.
G7 давлатлари ташқи ишлар вазирларининг икки кунлик учрашуви 26—27 март кунлари Парижда бўлиб ўтди. У “еттилик” ва Европа Иттифоқи аъзоларидан ташқари Бразилия, Ҳиндистон, Жанубий Корея ва Саудия Арабистони вазирларини ҳам тўплади. Бу Марко Рубионинг Америка ва Исроилнинг Эронга зарбалари бошланганидан бери биринчи хорижий сафари бўлди.
Аввалроқ Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси уруш қачон тугашини улар ҳал қилиши, жанг майдонидаги шартлар ва урушнинг якуни Эрон қўлида эканлиги ҳақида маълум қилганди. Трамп эса урушни ички сезгисига қараб тугатиши ҳақида гапирган.








