Daryo

Трамп урушни май ойигача тугатишни режалаштирмоқда — WSJ

АҚШ президенти Хитой раиси билан учрашувни май ойи ўртасига қолдирди. У ўз маслаҳатчиларига можарони яқин ҳафталарда якунлашни истаётганини айтган. Эрон билан уруш бошланганига 28 март куни бир ой тўлди.

2 дақиқа ўқиш5 689 кўришлар0 изоҳ0

АҚШ президенти Дональд Трамп ўз маслаҳатчиларига Эрон билан урушни тезроқ тугатиш ниятида эканини айтди. Бу ҳақда The Wall Street Journal хабар берди.

Эронга қарши уруш бошланганига 28 март куни бир ой тўлади. Трамп маслаҳатчиларига можаро якуний босқичга кирганини билдирган ва урушни 4–6 ҳафта ичида тугатиш бўйича илгари айтган муддатга амал қилишни сўраган.

Трамп май ойи ўрталарида Хитой раиси Си Цзиньпин билан саммит ўтказишни режалаштирган. Дастлаб учрашув март ойига белгиланган эди, бироқ Эрон билан уруш сабаб у кечиктирилган. Манбаларга кўра, урушни май ойи ўрталаригача якунлаш режалаштирилмоқда.

Муаммо шундаки, Трампда урушни тугатиш бўйича осон вариантлар йўқ, тинчлик музокаралари эса ҳали бошланғич босқичда. Ташқи сиёсий иттифоқчилар билан суҳбатларда Трампнинг эътибори баъзан бошқа масалаларга, жумладан, АҚШдаги бўлажак оралиқ сайловлар, аэропортларга иммиграция ходимларини юбориш ва сайлов қоидаларини кучайтиришга оид қонунчилик ташаббусларига қаратилмоқда.

“Трамп ҳамкасбларидан бирига уруш унинг бошқа устувор вазифаларидан чалғитаётганини айтди”, деди манбалардан бири.

Баъзи манбаларга кўра, президент кейинги йирик вазифага ўтишга тайёр, бироқ бу нима экани очиқланмаган. Айрим иттифоқчилари унинг эътибори Кубадаги режимга қарши чоралар томон бурилишини кутмоқда. Яқин маслаҳатчилар эса аҳолининг асосий муаммоси — яшаш харажатлари ошиши масаласига эътибор қаратишни тавсия қилмоқда.

“Президент Трамп кўп вазифаларни бажаришда фавқулодда моҳир ва бир вақтнинг ўзида бир нечта муаммолар устида ишлайди. Президент террорчи Эрон режимига қарши ҳарбий мақсадларга тўлиқ эришишга қаратилган лазердир. Унинг ягона эътибори доимо ғалаба бўлиб келган”, деди Оқ уй матбуот котиби Керолайн Левитт.

Трамп шу ҳафта урушни дипломатик йўл билан ҳал қилишга қизиқиш билдирди ва Эрон электр станцияларига зарба беришни вақтинча бекор қилди. Унинг маслаҳатчилари келишув доирасида Эрон нефтьидан фойдаланиш эҳтимолини ҳам муҳокама қилмоқда.

“Агар Теҳрон можарони тўхтатиш бўйича келишувга эришмаса, АҚШ Эронга ҳар қачонгидан ҳам қаттиқроқ зарба беради. Президент Трамп алдамаяпти ва у дўзах оловини ёғдиришга тайёр”, деди Левитт.

Таъкидланишича, Трамп зарурат туғилганда Эрон ҳудудида қуруқлик операциясини бошлашга тайёр, бироқ бу урушни тез якунлаш мақсадига зид бўлишини ҳисобга олмоқда.

“Президент уруш давом этса, ҳалок бўладиган ёки яраланадиган АҚШ қўшинлари сони кўпайиши мумкинлигидан хавотирда”, деди америкалик расмийлар.

Ҳозиргача қарийб 300 америкалик яраланган, 13 нафари ҳалок бўлган. Президентга яқин манбалар Трампнинг уруш бўйича қарорларини олдиндан башорат қилиш қийинлигини таъкидламоқда. Чунки у баъзида дипломатияга мойиллик билдирса, баъзида зарбаларни кучайтириш тарафдори бўлади.

Бироқ урушни якунлаш фақат Трампга боғлиқ эмас. АҚШ ва Эрон ҳали келишувга эришмаган, Теҳрон эса тўғридан тўғри музокараларни рад этмоқда. Агар келишув ёки аниқ ҳарбий ғалаба бўлмаса, Ҳормуз бўғозидаги вазият глобал энергия бозорларига босимни давом эттиради.

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар