АҚШ президенти Яқин Шарқдаги воситачилари томонидан ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган бир қатор музокаралардан сўнг Эрон электр станцияларига зарба бериш фикридан қайтди. Wалл Стреет Жоурнал Трампнинг қарорини ўзгартиришга нима туртки бўлганини таҳлил қилиб чиқди.
Ўтган ҳафтада Миср, Туркия, Саудия Арабистони ва Покистон ташқи ишлар вазирлари Риёдда Эрондаги урушни дипломатик йўл билан тўхтатиш чораларини муҳокама қилиш учун йиғилишди.
Бироқ, муҳокамаларда иштирок этган араб расмийларининг сўзларига кўра, Эрон билан музокара олиб бориш учун муносиб шерик топиш катта муаммога айланди. 17 март куни Исроил Эрон миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Али Ларижоний ўлдирилганини эълон қилди. Ларижоний Ғарб билан мулоқот қила оладиган етакчи сифатида кўрилаётган эди.
Миср разведкаси ходимлари Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) билан алоқа ўрнатишга муваффақ бўлишди. Баъзи расмийларнинг айтишича, улар ўт очишни тўхтатишга ишонч ҳосил қилиш учун ҳарбий ҳаракатларни беш кунга тўхтатиб туриш таклифини илгари сурганлар.
Ушбу муҳокамалар АҚШ президенти томонидан Эрон бўйича кутилмаган қарор қабул қилинишига замин яратди.
Шанба оқшомида, дам олиш кунларини Мар-а-Лагодаги клубда ўтказаётган Дональд Трамп Эронга 48 соат ичида Ҳурмуз бўғозини қайта очиш бўйича ультиматум қўйди. Акс ҳолда АҚШ ҳарбийлари мамлакат электр станцияларини "йўқ қилиши" айтилди. Икки кундан сўнг, Риёддаги музокаралар ҳақидаги хабарлар Оқ уйга етиб боргач, Трамп ўз қарорини ўзгартирди — Теҳрон билан дипломатияни маъқуллаб, таҳдид қилинган зарбаларни вақтинча тўхтатди.
Қарорнинг ўзгариши Яқин Шарқ воситачилари орқали ўтказилган бир қатор ёпиқ эшиклар ортидаги муҳокамалардан сўнг юз берди. АҚШ расмийларининг айтишича, бу мулоқотлар можарони ҳал қилиш бўйича келишувга эришиш мумкинлигига умид уйғотган. Шунингдек, бу Трамп ва унинг баъзи маслаҳатчилари урушни тезроқ тугатиш истагида эканини билдиради, чунки президент можаро туфайли юзага келаётган сиёсий ва иқтисодий оқибатларга дуч келмоқда.
"Бу нозик дипломатик музокаралар ҳисобланади, АҚШ матбуот орқали музокара олиб бормайди", деди Оқ уй матбуот котиби Каролин Левитт. "Вазият ўзгарувчан ва учрашувлар натижалари ҳақидаги хабарлар Оқ уй томонидан расман эълон қилинмагунча якуний деб ҳисобланмаслиги керак".

Трампнинг Эрон электр станцияларига зарба беришни беш кунга қолдириши ҳақидаги эълони фонд бозорида ўсишга сабаб бўлди ва Уолл-стритдаги ҳафталар давом этган оғриқли пасайишдан сўнг президентга бир оз енгил тин олиш имконини берди.
Dow Jones вa S&P 500 индекслари февраль ойи бошидан бери энг катта бир кунлик ўсишни қайд этди. Халқаро меъёр бўлган Brent нефти 11% га пасайиб, бир баррели 100 доллардан сал пастроққа тушди— бу 11 мартдан бери энг паст кўрсаткичдир.
Аммо араб воситачилари ўзаро суҳбатларда АҚШ ва Эрон тезда келишувга эриша олишига шубҳа билдиришди ва икки томон ўртасидаги фарқ ҳали ҳам катта эканини таъкидлашди. Трампнинг музокаралар самарали бўлгани ҳақидаги даъвоси Эрон расмийлари томонидан рад этилди; улар бундай муҳокамалар ўтказилаётганини инкор қилишди.
Эрон келишувнинг асосий шарти сифатида АҚШ ва Исроилдан келгусида ҳужум қилмаслик кафолатини талаб қилмоқда. Теҳрон уруш пайтида кўрилган зарарлар учун товон пули талаб қилмоқда. АҚШ эса ҳали ҳам уруш бошланишидан олдинги талабларида қатъий турибди: Теҳроннинг ядровий дастурини тўхтатиш, баллистик ракета дастурини "музлатиб қўйиш" ва прокси гуруҳларни қўллаб-қувватлашга чек қўйиш.
Эҳтимолий учрашув
АҚШ ва Араб ҳукумати вакиллари ҳамда бошқа хабардор манбаларга кўра, сўнгги кунлардаги дипломатия тўлқини шу ҳафтанинг охирида Покистон ёки Туркияда АҚШ ва Эрон расмийлари ўртасида юзма-юз учрашув ўтказиш масаласини кун тартибига чиқарди. Расмийларнинг айтишича, учрашув бўйича музокаралар ҳали якунланмаган.
Трамп келишувга интилишга тайёрдек кўринмоқда; 23 март, душанба куни у журналистларга баъзи Эрон етакчилари АҚШ-Эрон муносабатларида янги даврни бошлаши мумкинлигини айтди. "Биз жуда ақлли ва кучли деб ҳисоблаган баъзи одамлар билан ишлаяпмиз", деди у. "Эҳтимол, улардан бири биз хоҳлаётган одам бўлиб чиқар. Венесуэлага қаранг, у ерда ҳаммаси қанчалик яхши кетмоқда".
АҚШ администрациясининг юқори мартабали мулозимига кўра, Трамп Эрон билан музокаралар ўтказиш имконияти ҳақида биринчи марта 21 март куни хабар топган ва бунга ижобий муносабат билдирган.
Ҳозирча Теҳрон музокаралардан ўзини узоқ тутмоқда. Эрон парламенти спикери ва мамлакатда қолган олий мартабали амалдорлардан бири Муҳаммад Бақир Ғолибоф Теҳрон Вашингтон билан музокараларга ҳали тайёр эмаслигига ишора қилди.
"Эрон халқи тажовузкорларнинг қаттиқ ва афсусланадиган даражада жазоланишини талаб қилмоқда", деб ёзди у Трампнинг чиқишидан бир неча соат ўтгач. У АҚШ билан ҳеч қандай музокаралар бўлмаганини таъкидлаб, бундай оптимизм "молия ва нефть бозорларини манипуляция қилиш ҳамда АҚШ ва Исроил ботиб қолган ботқоқдан қутулиш учун ишлатилмоқда" деб қўшимча қилди.
Ўтган ҳафтадаги махфий музокаралар давомида араб етакчилари асосий эътиборни дунё нефть экспортининг 20 фоизи ўтадиган тор сув йўли — Ҳурмуз бўғозини очишга қаратдилар.

Муҳокамалардан хабардор расмийларнинг сўзларига кўра, улар бўғозни барча кемалар хавфсиз ўтиши учун нейтрал қўмита томонидан назорат қилинишини таклиф қилишган. Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси эса бунга жавобан, худди Миср Сувайш канали билан қилгани каби, Эрон ҳам транзит кемалардан бож йиғиши кераклигини айтган.
Форс кўрфази расмийлари бож ғоясига эътироз билдиришди. Саудия Арабистони қироллик Эроннинг бўғоздаги операцияларда устунликка эга бўлишига йўл қўймаслигини айтди. Улар бундай келишув Эроннинг Форс кўрфази энергия экспортига бўлган таъсирини узоқ йиллар давомида мустаҳкамлаб қўйишидан хавфсирашмоқда.
Хабарлар алмашинуви давом этди; Қатар, Уммон, Франция ва Буюк Британия ҳам ўзларининг махфий каналларидан фойдаланишди. Таклифлар орасида Покистонда АҚШ ва Эроннинг юқори даражадаги раҳбарлари учрашувини ташкил этиш ғояси ҳам бор эди ва АҚШ бу ғояни тезда қабул қилди.
АҚШни махсус вакиллар Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер бўлажак учрашувларда вакиллик қилиши мумкин, аммо келишув яқин бўлса, вице-президент Ж.Д. Венс келиши эҳтимоли ҳам бор.
Теҳрон эҳтимолий учрашувга Ташқи ишлар вазири Аббос Арақчини юбориши мумкин, гарчи Эрон расмийлари Арақчи ва Уиткофф ўртасидаги аввалги муваффақиятсиз музокараларни такрорлашга иштиёқи йўқлигини билдиришган бўлса-да. Ҳозирча Ғолибофнинг мамлакатни тарк этишга ва музокараларга қўшилишга тайёрлиги, номаълум бўлиб қолмоқда.
Ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш тўғрисидаги келишув эътиборни АҚШ Эрон ҳарбий салоҳиятига жиддий зарар етказишдан ташқари яна нимага эришганига қаратади. Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, режим зарба еган бўлса-да, ҳали ҳам бутун, Ҳурмуз бўғозини назорат қилмоқда ва вайроналар остида кўмилган ядровий материалларига эга бўлиши мумкин. АҚШ ҳали ҳам минтақага иккита денгиз пиёдалари экспедиция бўлинмасини юбормоқда, уларнинг ҳар бири учта ҳарбий кемада тахминан 2200-2500 нафар денгиз пиёдаларидан иборат.
Венс душанба куни Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху билан гаплашди, бироқ Нетаньяху оммавий равишда фақат Трамп билан бўлган қўнғироқни тасдиқлади. Шунингдек, маъмурият расмийсига кўра, Трамп 23 март душанба куни Покистон армияси қўмондони Асим Мунир билан гаплашган.
Урушдан кейин Ҳурмуз бўғозини ким назорат қилади?
Вашингтон энди янги Олий раҳбар Можтаба Хоманаий (отаси, рафиқаси ва синглиси ҳаво ҳужумларида ҳалок бўлган) бошчилигидаги янада қатъий Эрон режими билан музокара олиб боради. Шу билан бирга, Ҳурмуз бўғозининг келажаги борасида жиддий келишмовчиликлар сақланиб қолмоқда.

Урушдан кейин бўғозни ким назорат қилиши ҳақидаги саволга Трамп журналистларга: "Балки мен — мен ва оятуллоҳ, кейинги оятуллоҳ ким бўлса ўша", деб жавоб берди.
Трамп АҚШ Теҳронда ҳурматга сазовор бўлган юқори мартабали Эрон расмийси билан алоқада бўлганини айтди, бироқ у одамнинг ҳаётини хавф остига қўймаслик учун исмини ошкор қилишдан бош тортди.
Карнеги халқаро тинчлик жамғармасининг Ядро сиёсати дастури ходими Никол Граевскининг айтишича, парламент спикери Ғолибоф Эроннинг сиёсий раҳбарияти ва ҳарбий гуруҳларини келишувни қабул қилишга кўндира оладиган саноқли юқори лавозимли амалдорлардан бири ҳисобланади.
64 ёшли Ғолибоф ИИҚКнинг собиқ қатъиятли қўмондони, аммо у Теҳрон мери бўлиб ишлаган даврларида ўзини прагматик сиёсатчи сифатида кўрсата олган.
"Ғолибоф хавфсизлик тузилмалари назарида катта нуфузга эга", деди Граевски.








