Тўрт нафар фаластинлик аёл Эрон томонидан Исроилга берилган ракета зарбаси оқибатида ҳалок бўлди. Қурбонлар орасида ҳомиладор аёл ҳам бор. Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийларининг маълум қилишича, ҳодиса Ғарбий Соҳилнинг Бейт Ава шаҳарчасида юз берган.
Маълум бўлишича, ракета қолдиқлари гўзаллик салонига келиб тушган. Оқибатда 32 ёшли аёл Асил Самир Масалмеҳ оғир жароҳат олган. Уни Ҳеброн ҳудудидаги тиббиёт муассасасига олиб кетган. Бироқ аёл ва унинг олти ойли ҳомиласи кейинчалик шифохонада нобуд бўлган.
Wафа ахборот агентлиги хабарига кўра, ҳодиса жойидан яна уч нафар аёлнинг жасади топилган. Уларнинг шахси Маис Ғози Масалмеҳ (17 ёш), Саҳира Ризқ Масалмеҳ (50 ёш) ва Амал Собҳи Абдел Карим Матаwа Масалмеҳ (36 ёш) сифатида қайд этилган. Бундан ташқари, яна 13 нафар аёл жароҳатланган. Улардан бири оғир аҳволда экани айтилмоқда.
Тўрт нафар фаластинлик аёлнинг қурбон бўлиши хавфсиз бошпаналар билан боғлиқ муаммони яна бир бор кун тартибига олиб чиқди. Исроилда ракета ҳужумларидан ҳимояланиш учун кўплаб бомбапанагоҳлар мавжуд. Ғарбий Соҳил аҳолиси эса бундай имкониятдан маҳрум. Шунингдек, Исроилда меҳнат қилувчи фаластинликлар ва хорижликлар бундай бошпаналарга киритилмаслиги ҳақида хабарлар ҳам мавжуд.








