УЕФА Чемпионлар Лигасининг 1/8 финал босқичи дастлабки учрашувларига старт берилди. Кун давомида яна иккита учрашув бўлиб ўтди.
“Будё-Глимт” — “Спортинг”
Норвегийнинг Будё шаҳрида ўтказилган баҳсда “Будё-Глимт” клуби Португалиянинг “Спортинг” жамоаси устидан 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Учрашувнинг дастлабки дақиқалариданоқ мезбонлар ҳужумкорликка урғу берди. 32-дақиқада Сондре Фет пенальтидан гол уриб, ҳисобни очган бўлса, 45+1-дақиқада Оле Бломберг жамоасининг иккинчи голига муаллифлик қилди.
Иккинчи бўлимда ҳам мезбонлар устунликка эришди. 71-дақиқада Каспер Ҳогнинг голи “Будё-Глимт”га йирик ҳисобдаги ғалабани тақдим этди.
Норвегия жамоаси УЕФА Чемпионлар Лигаси доирасидаги сўнгги 5 та учрашувни ғалаба билан якунлашга муваффақ бўлди.
“Будё-Глимт” — “Спортинг” 3:0
Голлар: 1:0 — Фет (пен, 32), 2:0 — Бломберг (40), 3:0 — Ҳог (71)
“ПСЖ” — “Челси”
Франция пойтахти Париж шаҳридаги “Park de Prens” стадионида кечган баҳсда “ПСЖ” Англиянинг “Челси” жамоасини 5:2 ҳисобида мағлуб этди.
Биринчи бўлим тенг кураш остида ўтди. 10-дақиқада Бредли Барколя ҳисобни очди, 28-дақиқада Мало Гюсто мувозанатни тиклади, 40-дақиқада Усмон Дембеле Париж жамоасининг иккинчи голини киритди.
Иккинчи бўлимда лондонликлар ҳужумлар сонини оширди. 57-дақиқада Энсо Фернандес гол уриб, ҳисобни тенглаштирди. 74-дақиқада “ПСЖ” ярим ҳимоячиси Витиня жамоасининг 3-голини киритди. 86 ва 90+4-дақиқада Хвича Кварацхелиа дубль қайд этиб, парижликларнинг йирик ҳисобдаги ғалабасини таъминлади.
“ПСЖ” — “Челси” 5:2
Голлар: 1:0 — Барколя (10), 1:1 — Гюсто (28), 2:1 — Дембеле (40), 2:2 — Энсо (57), 3:2 — Витиня (74), 4:2 — Хвича (86), 5:2 — Хвича (90+4)
Ушбу жуфтликлар иштирокидаги жавоб учрашувлари 18 март куни ўтказилади. Икки ўйин натижасига кўра ғолиб жамоалар 1/4 финал босқичига йўлланмани қўлга киритади.








