АҚШ ҳарбийлари Эрондаги урушда тинч аҳоли орасида қурбонлар сони ортиб бораётган бир пайтда, турли сунъий интеллект (СИ) воситаларидан фойдаланаётганини тасдиқлади. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.
АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбари Бред Куперга кўра, сунъий интеллект ҳарбийларга катта ҳажмдаги маълумотларни тез таҳлил қилишга ёрдам бермоқда.
“Бизнинг жангчиларимиз сунъий интеллектнинг турли хил илғор воситаларидан фойдаланмоқда. Бу тизимлар бизга катта ҳажмдаги маълумотларни бир неча сонияда элакдан ўтказишга ёрдам беради, шунда бизнинг раҳбарларимиз вазиятни баҳолаб, душманга қараганда тезроқ ақлли қарорлар қабул қилиши мумкин”, деди Купер.
У нишонга ўт очиш ёки очмаслик ҳақидаги якуний қарорни ҳар доим инсонлар қабул қилишини айтди. Бироқ СИ илгари соатлар ёки кунлар талаб қилган жараёнларни бир неча сонияга айлантирганини таъкидлади.
Сунъий интеллектдан фойдаланиш тасдиқланиши Эрондаги мактабга ҳужум оқибатида 170 дан ортиқ ўқувчи ва ўқитувчи ҳалок бўлгани юзасидан мустақил тергов ўтказиш талаблари кучайган пайтга тўғри келди. 28 февралдан бошланган АҚШ–Исроил ҳарбий операцияси оқибатида Эронда камида 1300 киши ҳалок бўлган.
Купер якуний қарорни одамлар қабул қилишини таъкидлаган бўлса-да, ҳуқуқшунослар сунъий интеллектдан урушда фойдаланиш масаласида хавотирда. Хусусан, Исроил ҳам Ғазога қарши урушда сунъий интеллектдан кенг фойдаланганди. Бу 2023 йил октябридан бери 72 мингдан ортиқ фаластинликнинг ўлимига сабаб бўлган ва ҳудуднинг катта қисмини вайронага айлантирган.
Эрон Қизил ярим ой жамияти АҚШ–Исроил бомбардимонлари оқибатида 20 мингга яқин фуқаролик биноси ва 77 та тиббиёт муассасаси зарар кўрганини маълум қилди. Бу нефть базалари, бир нечта бозорлар, спорт иншоотлари, мактаблар ва сувни чучуклаштириш заводига ҳам таъсир қилган.
11 март куни Хитой сунъий интеллектдан ҳарбий мақсадларда ҳаддан ташқари фойдаланиш оқибатидан огоҳлантирди.
“Ҳарбийлар томонидан сунъий интеллектни чексиз қўллаш, сунъий интеллектдан бошқа давлатлар суверенитетини бузиш воситаси сифатида фойдаланиш... ва алгоритмларга ҳаёт ва ўлим масаласини ҳал қилиш имкониятини бериш урушларда ахлоқий чекловлар ва жавобгарликни заифлаштиради”, деган Хитой Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Сзян Бин баёнотида.







