Украина ўз ҳарбийларини Яқин Шарқ мамлакатларига Эрон дронларига қарши курашишда ёрдам бериш учун юборади. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский маълум қилди.
Президент 4 март куни Яқин Шарқдаги вазият бўйича йиғилиш ўтказди. Зеленский Европадаги ҳамкорлар ва АҚШ билан мулоқот қилгани, БАА, Қатар, Иордания ва Баҳрайн раҳбарлари билан музокаралар ўтказганини айтди.
Зеленский ҳукуматга, ҳарбий қўмондонликка ва разведка раҳбарларига Яқин Шарқ давлатларини қўллаб-қувватлаш бўйича турли вариантларни ишлаб чиқишни топширди. Шу билан бирга, бу ёрдам Украина мудофаасини заифлаштирмаслиги кераклигини таъкидлади.“Уларнинг барчаси жиддий таҳдид олдида турибди ва бу ҳақда очиқ гапирмоқда: Эроннинг зарба берувчи дронлари — бизнинг шаҳар ва қишлоқларимизга, Украинадаги инфратузилмамизга тўрт йил давомида ҳужум қилиб келаётган ўша Shahed’лардир...Украина инсон ҳаётини ҳимоя қилиш ва вазиятни барқарорлаштиришга ёрдам бера олади. Ҳамкорлар бу борада бизга мурожаат қилмоқда”, деди Украина раҳбари.
Зеленский украиналик мутахассислар айнан қачон Яқин Шарққа боришига аниқлик киритмади.“Ҳарбийларимиз зарур имкониятларга эга. Украиналик экспертлар жойида ишлайди ва жамоалар аллақачон бу ҳақда келишиб олган. Биз фуқароларни ҳимоя қилиш ва вазиятни барқарорлаштириш, хусусан, минтақада хавфсиз кема қатновини тиклаш бўйича саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз”, деди у.








