АҚШ президенти маъмурияти Эрондаги қизлар мактабига қилинган ҳужумни ўрганмоқда. Бу ҳақда АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсетга таяниб, CNN хабар берди.
Исроил ва АҚШ 28 февраль куни Минаб шаҳридаги мактабга авиазарбалар берган эди. Ҳодиса оқибатида 165 нафар киши, хусусан, 7–12 ёш оралиғидаги қизлар ҳалок бўлган. Қурбонларни дафн этиш учун 3 март куни Эронда оммавий маросим ўтказилди.
“Мен билган ва айта оладиган ягона нарса шуки, биз бу ҳодисани текширмоқдамиз. Албатта, биз ҳеч қачон тинч аҳолини нишонга олмаганмиз, аммо воқеани текшириб чиқяпмиз”, деди Ҳегсет текширув давом этаётганини айтиб.
БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича идораси 3 март куни Эрондаги қизлар мактабига қилинган ҳужум ортида турган кучларни воқеа юзасидан тергов ўтказишга чақирди. Бироқ ташкилот ҳужум учун кимни масъул деб ҳисоблашини очиқламади.
АҚШ давлат котиби Марко Рубио 2 март куни АҚШ ҳарбийлари мактабни атайлаб нишонга олмаслигини билдирди. Исроил Ғазодаги уруш давомида ҳам аввалига тинч аҳолига қилинган ҳужумларни рад этиб, кейинчалик инкор этиб бўлмас далиллар пайдо бўлгач, буни “тасодиф” деб аташ тажрибасидан фойдаланиб келади.
АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужуми ҳамда Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг ўлдирилиши ортидан бошланган можароларда 800 дан ортиқ киши ҳалок бўлди. Эрон бунга жавобан минтақадаги АҚШ ҳарбий базалари ва объектларига ҳужум қилмоқда.








