Қатар Эроннинг Форс кўрфази давлатларига ҳужумини қоралаб, “барча қизил чизиқлар кесиб ўтилгани”ни маълум қилди. Бу ҳақда Қатар Ташқи ишлар вазирлиги вакилига таяниб Gulf News хабар берди.
ТИВ матбуот котиби Мажед Ал Ансорий инфратузилма ва аҳоли пунктларига ҳужумлар давом этаётганини таъкидлади. У аксарият ракеталар уриб туширилган бўлса-да, дронларнинг қулаши одамларнинг жароҳатланишига, ёнғинлар ва оммавий тартибсизликлар келтириб чиқаришига сабаб бўлаётганини айтди.
“Барча қизил чизиқлар аллақачон кесиб ўтилган. Суверенитетимизга ҳужумлар доимий равишда давом этмоқда”, деди Ал Ансорий.
У Қатар раҳбарияти жавоб чораларини ўйлаб кўраётгани ҳақида огоҳлантирди.
“Эҳтимолий жавоб чоралари масаласида барча вариантлар раҳбариятимиз қўлида. Аммо шуни аниқ айтишимиз керакки, бундай ҳужумлар жавобсиз қолмайди ва жавобсиз қолиши мумкин эмас”, деди у.
Қатар ҳаво мудофаа тизими мамлакат осмонида Эроннинг бир нечта ракета ва дронларини тутиб олган. Ракета қолдиқлари оқибатида 16 киши жароҳатланган ва чекланган зарар қайд этилган. Фавқулодда вазиятлар гуруҳлари бутун мамлакат бўйлаб юқори шайликда қолмоқда.
Таҳлилчилар фикрича, Теҳрон бундай стратегиядан, эҳтимол, можарони тугатиш учун араб дунёсидан АҚШга босим ўтказишда восита сифатида фойдаланмоқда.
Ҳозиргача Форс кўрфази ҳукуматлари ўз ҳудудларини ҳимоя қилишга эътибор қаратган ва АҚШ кучларига ўз ҳаво ҳудуди ёки базаларидан Эронга ҳужум қилиш учун фойдаланишга рухсат бермаган. Бироқ минтақавий таҳлилчилар ҳужумлар кучайган тақдирда позиция ўзгариши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.








