Daryo

Мексикалик “Эл Менчо” олтин тобутда кўмилди

Мамлакатнинг энг қудратли наркобарони Немесио Осегера Сервантес Мексика ҳарбийлари ўтказган махсус операция давомида ўлдирилган эди.

2 дақиқа ўқиш9 852 кўришлар0 изоҳ6

Мексиканинг энг нуфузли жиноий гуруҳларидан бири — “Халиско янги авлод” картели етакчиси Немесио Осегера Сервантес 2 март куни Гвадалахара шаҳрининг Запопан чекка туманидаги қабристонга олтин тобутда кўмилди. Бу ҳақда CNN хабар берди.

59 ёшли собиқ полициячи Сервантес 22 февраль куни Мексика ҳарбийлари ўтказган операция давомида олган жароҳатлари туфайли вафот этганди.

“Эл Менчо” лақаби билан танилган наркобароннинг жасади ялтироқ олтин тобутга солиниб, дафн маросимида улкан гулчамбарлардан фойдаланилди ва катта миқдордаги ҳарбий кучлар қатнашди. Қуёшли об-ҳавода, кўплаб мотам тутувчилар қора соябонлар остида ҳаракатланди. Маросимда Мексика миллий мусиқаси — банда садоси жаранг сочди.

Федерал мулозим дафн жойини тасдиқлаган бўлса-да, бу масалани муҳокама қилиш ваколатига эга бўлмагани учун исмини ошкор этмасликни сўради. Мамлакат Бош прокуратураси эса “хавфсизлик нуқтайи назаридан” дафн жойини тасдиқлашдан бош тортди.

“Хўрозлар соҳиби”нинг сўнгги йўли

Якшанба, 1 февраль кунидан буён гулчамбарлар келтирилаётган мотам уйи атрофида хавфсизлик чоралари кучайтирилган эди. Айрим гулчамбарларда хўроз тасвири акс этгани диққатни тортган — Осегера Сервантес кўпинча “Хўрозлар соҳиби” деб аталган.

Ўлим ҳақидаги гувоҳномага кўра, Мексика армияси ўтган ҳафта наркобаронни қўлга олиш операцияси чоғида уни отиб ўлдирган. Мудофаа вазири Рикардо Тревилланинг маълум қилишича, Тапалпа (Халиско штати) шаҳридаги уй яқинида юз берган отишмада картел раҳбари ва унинг икки нафар тансоқчиси оғир яраланган. Уларнинг барчаси шифохонага олиб кетилаётган вақтда вафот этган.

Ҳужжатда Сервантеснинг кўкрак, қорин ва оёқ қисмларидан ўқ жароҳати олгани қайд этилган. Унинг жасади дастлаб Мехико шаҳрига олиб борилиб, аутопсия (экспертиза) қилинган ва 28 февраль куни оиласига топширилган.

Наркобароннинг ўлими Мексиканинг 20 га яқин штатида оммавий тартибсизлик тўлқинини келтириб чиқарди. Картел аъзоларининг қасос ҳужумлари оқибатида жами 70 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Ҳукумат ҳозирда гуруҳнинг бошқа юқори мартабали аъзоларига қарши операцияларни давом эттирмоқда.

Шунингдек, ўлим гувоҳномасида Сервантеснинг кремация қилинмасдан, айнан дафн этилиши (кўмилиши) шартлиги белгиланган. Бу зўравонлик билан боғлиқ ўлим ҳолатларида келгусида қўшимча суд-тиббий далиллар йиғиш зарурати туғилиши мумкинлиги билан боғлиқ стандарт амалиётдир.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар