Яқин Шарқдаги ҳарбий можаро Америка валютасига бўлган талабни кескин оширди. АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳужумларидан сўнг инвесторлар долларга фаол ўтишни бошлади. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Геосиёсий хавфлар ортгани сабабли бозор иштирокчилари молиявий тизимдаги энг барқарор ва ликвид актив — долларни танламоқда. Reuters маълумотларига кўра, долларнинг бошқа жаҳон валюталарига нисбатан индекси икки кун ичида тахминан 2 фоизга ошган.
Satori Insights таҳлилий компанияси асосчиси Метт Кингнинг таъкидлашича, доллар курсининг кескин ошиши капитал оқимларининг қайта тақсимланиши билан боғлиқ. Инвесторлар сўнгги ойлар давомида кўплаб бозорларда фойда келтирган спекулятив позицияларни тез ёпиб, пулни ликвид активларга ўтказмоқда. Натижада айрим жаҳон бозорларида пасайиш кузатилмоқда. Масалан, Жанубий Кореянинг КОSPI индекси икки кун ичида ўз қийматининг қарийб 20 фоизни йўқотди.
Эрон атрофидаги кескинлик кучайишидан олдин доллар босим остида эди. Январь ойида доллар индекси тахминан 2 фоизга пасайиб, сўнгги тўрт йиллик минимумга тушган. 2025 йил давомида эса у 10 фоиздан ортиққа қадрсизланган.
Инвестор Жеффри Гандлахнинг фикрича, бу тенденция узоқ муддатли бўлиши мумкин. Шунинг учун инвесторларга ривожланаётган бозорлардаги реал активлар ва акциялар улушини ошириш тавсия этилмоқда.
АҚШ долларининг жаҳон бозоридаги ҳукмронлиги заифлашиши салкам чорак асрдан бери — 1999 йилда евронинг муомалага киритилиши ва 2001 йилда Хитойнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишидан буён давом этмоқда. Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, 2000 йиллар бошида доллар дунё валюта захираларининг 70 фоиздан ортиғини ташкил этган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич қарийб 57 фоизга тушган. Шунга қарамай, бу пасайиш жараёни жуда секин кечмоқда ва доллар ҳамон халқаро савдода асосий восита бўлиб қолмоқда.
Халқаро ҳисоб-китоблар банки маълумотларига кўра, доллар валюта бозоридаги барча операцияларнинг қарийб 89 фоизида иштирок этмоқда, бу охирги 25 йилдаги энг юқори кўрсаткичдир. Таққослаш учун, евронинг улуши битимларнинг атиги 29 фоизини ташкил қилади.
Доллар нефть бозорида асосий ҳисоб-китоб валютаси бўлиб қолмоқда. Жаҳон нефть савдосининг атиги 20 фоизи бошқа валюталарда, масалан, евро ёки Хитой юанида амалга оширилади. Барча битимларнинг қарийб 80 фоизи ҳали ҳам долларда.
Калифорния университети профессори ва халқаро валюта тизимлари бўйича эксперт Барри Айхенгриннинг фикрича, долларнинг халқаро савдо, молиялаштириш ва валюта захираларида ҳали ҳам тўлақонли муқобили йўқ. Бироқ унинг ролини заифлаштириш суръати тезлашиши мумкин.
Федерал резерв иқтисодий маълумотларига кўра, АҚШ валютасининг харид қобилияти узоқ муддатли пасайишни кўрсатмоқда. 1996 йил январидан 2025 йил декабригача у тахминан 52 фоизга, 1976 йил январидан эса тахминан 83 фоизга камайди.
Йил бошида кўплаб таҳлилчилар доллар курси қулаши ҳақида гапирди. Иқтисодчи Питер Шифф Америка валютасининг ҳукмронлик даври аста-секин тугаши ва марказий банкларнинг асосий захира активи сифатида олтинга ўтишини прогноз қилган эди. У АҚШ учун бу узоқ муддатли иқтисодий муаммоларга олиб келиши мумкинлигини айтганди.
Жаҳон олтин кенгаши статистикаси ҳақиқатан ҳам марказий банклар томонидан металлга бўлган барқарор талабни кўрсатмоқда. Ушбу фонда олтин нархи биринчи марта бир унция учун 5500 доллардан ошди, кумуш эса бир унция учун 120 долларга яқинлашди, бу эса инвесторларнинг ҳимоя активларига бўлган қизиқишининг кучайишини акс эттирди. Аммо Эронда уруш бошланиши фонида олтин ва кумуш пасайишни бошлади, 3 март куни олтин нархи 3 фоизга, кумуш эса 6 фоизга тушиб кетди.








