Daryo

“Оскар” олган, аммо прокатда омади чопмаган 7 та фильм

Бугунги кунда “Оз мамлакати сеҳргари” Голливуднинг ҳақиқий классикаси ҳисобланади, аммо у экранларга чиққан йили кутилган фойдани келтирмаган.

3 дақиқа ўқиш3 114 кўришлар0 изоҳ3

Баъзан кинокартиналар катта маблағ эвазига суратга олинади, аммо томошабинлар уларни муносиб баҳоламайди. Бироқ вақт ўтиши билан бу фильмлар нафақат ўз харажатларини оқлайди, балки жаҳон киноси тарихидан олтин ҳарфлар билан жой олади. Қуйида касса йиғими бўйича муваффақиятсизликка учраган, лекин нуфузли мукофотга сазовор бўлган асарлар ҳақида сўз юритамиз.

1. “Оз мамлакати сеҳргари”

Фото: The Voice

Бугунги кунда ушбу фильм Голливуднинг ҳақиқий классикаси ҳисобланади. Аммо у экранларга чиққан йили кутилган фойдани келтирмаган. Ўша пайтда бу Metro-Goldwyn-Mayer студиясининг энг қиммат лойиҳаси эди. Ҳашаматли декорациялар ва ўша давр учун мўъжиза саналган махсус эффектларга 2,7 миллион доллар сарфланди. Афсуски, фильм ўз харажатини қоплай олмади ва студия 1 миллион долларга яқин зарар кўрди. Шунга қарамай, картина олтита “Оскар” номзодлигини олди ва якунда энг яхши мусиқа ҳамда барча севиб тинглайдиган Over the Rainbow қўшиғи учун иккита олтин ҳайкалчани қўлга киритди.

2. “Фуқаро Кейн”

Фото: The Voice

Бу фильм ўз давридан анча илгарилаб кетган эди, шу боис оддий томошабинлар ундаги янгича сюжетни тушунишмади. Бош қаҳрамон образи ўша пайтдаги қудратли медиа магнати Уилям Ҳерстга ўхшатиб яратилган эди. Буни сезган Ҳерст ўз таъсиридан фойдаланиб, барча газета ва радиоларда фильм рекламасини тақиқлаб қўйди. Оқибатда студия 150 минг доллар зарар кўрди.

Бироқ “Фуқаро Кейн” тўққизта номинацияга лойиқ кўрилди ва энг яхши сценарий учун “Оскар” олди.

3. “Узилган ҳаёт”

Фото: The Voice

Анжелина Жоли ва Вайнона Райдер каби юлдузлар иштироки ҳам бу фильмни молиявий инқироздан қутқара олмади. Фильмга 40 миллион доллар тикилган бўлса-да, у АҚШ прокатида атиги 28,9 миллион доллар тўплади. Яъни харажатнинг ярмини ҳам чиқара олмади. Аммо бу омадсизлик актрисалар рейтингига халал бермади: Анжелина Жоли ушбу фильмдаги роли учун “Энг яхши иккинчи пландаги актриса” йўналишида “Оскар” ҳайкалчасини қўлга киритди.

4. “Деярли машҳур”

Фото: The Voice

Ҳозирда бу фильм кўплаб киноишқибозларнинг севимли асари, лекин ўз вақтида у касса йиғими бўйича муваффақиятсизликка учраган. 60 миллион доллар бюджет билан суратга олинган асар атиги 47,4 миллион доллар даромад келтирган. Бунга режиссёр Кемерон Кроу суратга олиш ишларини бир ойга чўзиб юборгани ва маркетингга деярли пул қолмагани сабаб бўлган.

Шунга қарамай, Кино академияси фильмни юқори баҳолади: асар энг яхши сценарий учун “Оскар” олди, актрисалар Кейт Ҳадсон ва Френсис Макдормандлар эса номинацияга лойиқ кўрилди.

5. “Бўри одам”

Фото: The Voice

Ҳатто Бенисио дел Торо ва Энтони Ҳопкинс каби афсонавий актёрлар ҳам бу қўрқинчли фильмни қутқариб қола олмади. Универсал студияси фильм учун 150 миллион доллар сарфлади, лекин бутун дунё бўйлаб атиги 142,6 миллион доллар тўпланди. Молиявий жиҳатдан омадсиз бўлса-да, фильмдаги маҳоратли грим усталари ўз меҳнати учун “Оскар” мукофотига эга бўлишди.

6. “Артист”

Фото: The Voice

2011 йилда одамлар кинотеатрларга “Гарри Поттер” ва “Капитан Америка” каби замонавий фильмларни кўриш учун боришарди. Шундай пайтда овозсиз ва оқ-қора рангда ишланган “Артист” фильми касса йиғими бўйича улар билан рақобат қила олмади. Аммо картина “Оскар” тарихини ўзгартириб юборди: у бешта мукофотни, жумладан, “Энг яхши фильм” ва “Энг яхши режиссёр” унвонларини қўлга киритди. Бош рол ижрочиси Жан Дюжарден эса бу мукофотни олган биринчи француз актёри бўлди.

7. “Бёрдмен”

Фото: The Voice

Оддий томошабинлар бу мураккаб артхаус жанридаги фильмни унчалик тушунмади. Картина АҚШ прокатида атиги 37 миллион доллар ишлаб топди ва йилнинг энг сердаромад фильмлари рўйхатида бор-йўғи 73-ўринни эгаллади. Бироқ мутахассислар фильмни жуда юқори баҳолади. “Бёрдмен” бирданига тўртта “Оскар”ни: “Энг яхши фильм”, “Энг яхши режиссёр”, “Энг яхши операторлик иши” ва “Энг яхши сценарий” номинацияларини қўлга киритди.

Soliyeva Sevaraxon Akram qizi. 1996-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2018-yilda O‘zbekiston davlat jahon tillari universitetining Tarjima nazariyasi va amaliyoti yo‘nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар