Шимолий Корея АҚШ ва Исроилнинг Эрондаги операциясини қоралаб, буни ноқонуний тажовузкорлик ҳаракати деб атади. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги вакили баёнотига таяниб Reuters хабар берди
“АҚШнинг фаол қўллаб-қувватлови ва ҳомийлиги остида бошланган Исроилнинг Эронга ҳарбий ҳужуми ҳамда унга қўшилган АҚШнинг ҳарбий ҳаракатлари ноқонуний тажовузкорлик ва суверенитетни поймол этишнинг энг жирканч шаклидир…
Биз ўзининг худбин, гегемонлик амбицияларига эришиш учун ҳеч иккиланмай ҳарбий куч ишлатаётган АҚШ ва Исроилнинг шармандали, босқинчилик хатти-ҳаракатларини қатъий қоралаймиз”, дейилади баёнотда.
Шунингдек, Шимолий Корея АҚШ ҳаракатлари унинг дунё тинчлиги ва барқарорлигини бузишдаги ролини кўрсатаётганини таъкидлади ҳамда назорат қилиб бўлмайдиган “қаттиққўл ва ўзбошимча амалиёт” Яқин Шарқдан ташқарида ҳам сиёсий, иқтисодий ва геосиёсий оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Шимолий Корея оммавий ахборот воситалари Эроннинг Яқин Шарқдаги АҚШ ҳарбий базалари ва бошқа объектларига жавоб зарбалари ҳақида хабар бермади. Шунингдек, Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг вафотини ҳам тилга олмади.
NK News нашрининг ёзишича, КХДР январь ойида Венесуэла собиқ президенти Николас Мадуронинг қўлга олинишини ҳам худди шундай эътиборсиз қолдирган.








