Душанба, 2 март куни эрта тонгда Кувайт ҳудудида АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли бир нечта самолёт ҳалокатга учради. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлиги маълумотига таяниб Reuters хабар берди.
Мудофаа вазирлигининг расмий баёнотига кўра, ҳалокатга учраган барча самолёт экипаж аъзолари омон қолган. Улар эвакуация қилиниб, шифохонага жойлаштирилган, айни пайтда аҳволи барқарор деб баҳоланмоқда. Мазкур қутқарув операцияси АҚШ кучлари билан мувофиқлаштирилган ҳолда амалга оширилган.
Шу билан бирга, гувоҳларнинг сўзларига кўра, Кувайт пойтахтидаги АҚШ элчихонаси биноси яқинида тутун кўтарилган, воқеа жойига ўт ўчириш ва тез ёрдам машиналари етиб келган. Ҳозирча АҚШ давлат департаменти ва элчихона ушбу ҳодиса юзасидан изоҳ бермади.
Самолётлар ҳалокати Яқин Шарқдаги можаролар кенгайиб бораётган вақтга тўғри келди. Душанба куни эрталаб Кувайт ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари мамлакатга учиб кирган душман дронларини тутиб қолган. Бу Эроннинг ўз ҳудудига АҚШ ва Исроил томонидан амалга оширилган ҳужумларга жавобан кетма-кет учинчи кун қайтараётган зарбаларидир.
Эрон давлат матбуоти Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) баёнотига таяниб, Эрон қуролли кучлари Кувайтда ҳалокатга учраган АҚШ самолётларидан бирини уриб туширганини даъво қилмоқда. Reuters томонидан тасдиқланган видеоларда Ал-Жаҳра ҳудудида ҳарбий самолётнинг қулаши ва парашютда тушаётган шахс акс этган.
Жароҳатланганлар ва хавфсизлик чоралари
Ҳужумлар оқибатида талафотлар ҳам қайд этилган. Хусусан, Кувайт миллий нефть компанияси хабарига кўра, Мина ал-Аҳмади заводи ҳудудига тушган қолдиқлар оқибатида икки ишчи енгил жароҳатланган. Румаитҳия ва Салва маҳаллалари яқинида дронларнинг аксарияти уриб туширилган, бу ҳудудларда жароҳатланганлар йўқлиги айтилмоқда.
АҚШ элчихонаси ўз фуқароларини давом этаётган ракета ва дрон ҳужумлари хавфидан огоҳлантирди. Фуқароларга элчихонага келмаслик, пастки қаватларда, деразалардан узоқда ва хавфсиз жойда қолиш тавсия этилди.








