Испаниянинг иккинчи рақамли чемпионати Сегунда дивизиони 28-тури доирасидаги “Спортинг” (Хихон) ва “Леганес” ўртасидаги ўйин вақтида 82 ёшли футбол мухлиси вафот этди. Бу ҳақда Хихон клуби матбуот хизмати хабар берди.
Мухлиснинг аҳволи ёмонлашгани сабабли учрашув тўртинчи дақиқадаёқ тўхтатилган. Тиббий гуруҳ унга биринчи ёрдамни кўрсатган, бироқ 40 йил давомида “Спортинг” ўйинлари учун абонемент эгаси бўлган эркак мухлиснинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган. Юз берган воқеадан сўнг учрашув тўхтатилган.
“Бугун жуда қайғули кун. Жойинг жаннатда бўлсин. Биз унинг оиласи ва яқинларига ўз ёрдамимиз ва муҳаббатимизни билдирамиз”, дейилади баёнотда.
Маълумотларга кўра, “Спортинг” ва “Леганес” ўртасидаги қолдирилган ўйиннинг санаси кейинроқ маълум қилинади.








