Хитойда келаси ҳафта ўтказиладиган йиллик энг йирик сиёсий йиғилиш олдидан 19 нафар амалдор, жумладан, 9 нафар ҳарбий парламент аъзолари рўйхатидан чиқарилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Четлатишнинг расмий сабаби маълум қилинмаган. Бироқ бу Хитой раиси Си Цзиньпин ўзининг энг юқори мартабали генерали, шунингдек, энг яқин ҳарбий иттифоқчиларидан бири Чжан Юсяни лавозимидан четлаштирганидан бир неча ҳафта ўтиб содир бўлди.
Ҳокимиятга келганидан бери Си коррупцияга қарши курашни кучайтирди ва порахўрликни Коммунистик партия учун “энг катта таҳдид” деб атади. Бироқ баъзи танқидчилар бу орқали “сиёсий рақиблар тозаланаётганини” айтмоқда.
Давлат оммавий ахборот воситаларига кўра, четлатилганлар орасида Халқ озодлик армияси (ХОА) қуруқликдаги кучлари қўмондони Ли Киаомин ва ХОА ҳарбий-денгиз кучларининг собиқ қўмондони Шен Жинлонг бор.
Шунингдек, рўйхатда бошқа бир қанча ҳарбийлар ва ҳудудий амалдорлар, жумладан, Ички Мўғулистоннинг собиқ партия раҳбари Сун Шаочонг ҳам четлатилган. Бу Чжан ўз лавозимидан четлатилганидан бир неча ҳафта ўтгач, у “интизом ва қонунни жиддий бузганликда” айбланганидан кейин содир бўлди.
Сўнгги йилларда ҳарбий доирадаги бир неча марта юқори мартабали шахслар лавозимидан бўшатилди. Масалан, 2025 йил октябрида 9 нафар юқори лавозимли генерал ишдан олинган эди. Расмийлар бу коррупцияга қарши кураш доирасида амалга оширилганини билдирган.
Си Цзиньпин 2013-йилда ҳокимиятга келгач, “йўлбарслар ва пашшалар” деб аталган кампанияни бошлаб, юқори ва қуйи даражадаги амалдорларни нишонга олган. У яқинда бу кураш “ҳануз жиддий ва мураккаб” эканини таъкидлади.
Келгуси ҳафта Пекинда “Икки сессия” тадбири муносабати билан минглаб делегатлар тўпланади. Бу тадбирлар Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши ва Хитой халқ сиёсий маслаҳат кенгаши йиғилишидан иборат. Тадбирлар 4 мартдан 11 мартгача давом этади. Унда ҳукумат ўзининг беш йиллик режасини эълон қилади, асосий сиёсий мақсадлари ва иқтисодий режаларини белгилайди.








