Украина уруши — ярим миллиондан ортиқ инсоннинг ёстиғини қуритган, яна ўн миллионларни қочқинларга айлантирган, геосиёсий майдонда эса, тектоник ўзгаришларга сабаб бўлган можаро. Уни бошлаган Россия суверен давлатга декоммунизация қандай бўлишини кўрсатиб қўйишни, рақиб армиясини эса уч кунда мағлуб этишни ният қилганди. Лекин ҳарбий ҳаракатлар ўзининг бешинчи йилига кириб келди. Ҳатто Иккинчи жаҳон урушининг шарқий фронтидаги жанглар ҳам бунчалик узоқ давом этмаганди. Бошқача айтганда, Кремль ўз олдига қўйган мақсадларига на оператив, на стратегик манзарада эриша олгани йўқ.
Украинага кенг кўламли босқин 2022-йилнинг 24 февраль куни эрта тонгда бошланди. Гарчанд аксарият бундай бўлишини кутмаган бўлса ҳам, Россия чегарадош ҳудудларга, жумладан Беларусьга қўшин тўплаш билан ана-мана ҳужум қилиши ҳақида очиқ сигнал бериб турганди. Қолаверса, Оқ уй разведка маълумотларига таяниб, Киевни Кремль ички коридорларида муҳокама қилинаётган режадан бохабар қилди. Бу Украина давлатчилиги, хусусан қуролли кучларига яқинлашиб келаётган босқинга ҳозирлик кўриш учун вақт берди. Натижада урушнинг дастлабки дақиқаларида Россия томонидан учирилган ракеталар бўш аэродромлар, ҳарбий базалар ва ўқ-дори омборларига келиб тушди.
Аммо рус армиясининг дастлабки ҳамладаги муваффақиятсизлигини фақат шу билан изоҳлаш тўғри бўлмайди. Украина элитасидан фарқли, Россия раҳбарияти урушга тайёргарлик жараёнида бир неча қўпол хатоларга йўл қўйди. Жумладан Кремль қарши тараф ҳарбий салоҳиятини муносиб баҳолай олмади. Шунингдек, аскарлар уларни гуллар билан кутиб олишларига ишонтирган пропаганда ёлғон устига қурилганидан бехабар эди. Бундан ташқари, Кремль Россия қуролли кучлари коррупция, лаёқатсизлик ва бошқа иллатлар сабаб ич-ичидан чириб кетганини ҳали яхши англамас эди.
Ўхшамаган блицкриг
Сўнгги бир неча асрдаги урушлар тажрибасидан маълумки, ҳужум қилаётган томон ҳимояланаётган тарафдан учга бир нисбатда устун бўлиши керак. Гап аскарлар сони ҳақида бормоқда. Шунга қарамай, Россия армияси ҳарбий ҳаракатлар учун атиги 200-250 минг аскар ташлади. Ҳолбуки, бу Украина қуролли кучларида хизмат қилаётган шахсий таркиб билан деярли тенг кўрсаткич эди. Бунинг ўзи ҳам узоқ давом этадиган уруш Кремлнинг режаларида бўлмаганидан, рус генералитети қисқа давом этадиган ҳарбий кампанияга умид боғлаганидан далолат беради. Аслини олганда, уларнинг асосий хатоларидан бири ҳам шу — авантюра. Қолаверса, армия Украинага атиги бир неча кунга етадиган таъминот билан юборилди. Шу боис оч қолган рус аскарлари марадёрликка қўл урди, ёнилғисиз қолган техникалар эса ташлаб кетилди. Кейинчалик уларни фермерлар шатакка олиб, Украина армиясига топширишди.
Табиийки, бу каби хатолар ўз сўзини айтиб, блицкриг (душманни бир неча кун ёки ҳафта ичида мағлуб этишга қаратилган тезкор ҳужум) стратегияси муваффақиятсизликка учради. Россия Украина давлатчилигини қулатишдек вазифани уддалай олмади. Шунга қарамай, рус армияси қисқа муддат ичида Украинанинг Киев, Суми, Чернигов, Харьков, Запорожье ва Херсон вилоятларида улкан ҳудудларни эгаллаб олди. Улар ҳатто пойтахт остонасига қадар етиб келишга муваффақ бўлди. Бироқ Украина армияси ҳозир санаб ўтилган ҳудудларнинг аксариятини ўз назоратига қайтарди. Шундай қилиб, россияликлар Киев, Чернигов ва Суми вилоятларидан чекинишга мажбур бўлишди. Кейинчалик Кремль бу қарор музокаралар учун хайрихоҳлик ифодаси бўлганини даъво қилиб чиқди. Аммо бу ерда бошқа гап бор эди.
Киев жанги Россия учун шармандали якунланишида нафақат рус қўмондонлиги йўл қўйган хатолар, балки Украина қуролли кучларининг кучли қаршилиги ҳам рол ўйнади. Украиналиклар кичик отрядларга бўлинган ҳолда рус армиясининг узундан узун колонналарига пистирмадан ҳужум қилди. Бунда Javelin, N-LАW каби танкка қарши тизимларнинг аҳамияти катта бўлди. Қолаверса, рус армияси ҳужумларини қайтаришда Bayraktar ТB2 оператив-тактик дронлари ҳам муносиб ҳисса қўшди. Бундан ташқари, Украина амалда флоциз давлат бўлишига қарамай, денгизда ҳам россияликларнинг иши юришмади. Рус флоти Одессага десант тушириш тугул, қирғоққа яқинлашолмади. Бунга уриниб кўрган Москва крейсери эса маҳаллий Нептун тизими билан чўктириб юборилди. У қарийб 800 млн долларга баҳоланган кема бўлиб, Россия Қора денгиз флотининг байроқдори эди.
Рус армиясининг шиддатли ҳужумларини қайтаришда Украина қуролли кучларига 2014-йилдан сўнг айирмачилар билан жангларда тўпланган тажриба қўл келди. Қолаверса, мамлакат ҳарбийларини НАТО инструкторлари тайёргарликдан ўтказганди. Қақшатқич талафотлардан сўнг рус қўмондонлиги ҳам реал вазиятни тушуниб етиб, хатоларни тўғрилашга киришди. Ўша йилнинг 22 апрель куни Марказий ҳарбий округ қўмондони ўринбосари Рустам Миннекаев урушнинг иккинчи фазаси бошланганини, шимолий йўналишдаги қўшинлар олиб чиқилишини эълон қилди. Шундан сўнг асосий эътибор Донбассга кўчди.
Россия урушнинг дастлабки ойларидаги шокдан сўнг ўзини ўнглаб, Донбассда фаол ҳужумлар бошлади. Бу асосан артиллерия дуэли тарзида кечди. Бироқ гап узоққа зарба берадиган тизимлар ҳақида кетганда, Украина армияси рақибидан ҳам сифат, ҳам сон жиҳатидан ортда эди. Шу боис улар қақшатқич талафотлар кўриб, катта-кичик аҳоли масканларини бирма-бир қўлдан чиқаришди. Аммо Қўшма Штатлар томонидан берилган ёрдам вазиятни кардинал даражада ўзгартирди. Гап шундаки, 2022-йилнинг июнь ойида Украина армияси HIMARS тизимларининг дастлабки партиясини қабул қилиб олди.
Россияликлар жанг майдонида HIMARS тизимлари пайдо бўлганидан постфактум хабар топди. Яъни илгари Украина армияси учун етиб бўлмас нишон ҳисобланган рус ҳаво мудофаа тизимлари, қўмондонлик штаблари, ўқ-дори омборлари ва бошқаларга тўхтовсиз, энг муҳими, юқори аниқликда зарбалар берила бошланди. Натижада рус қўмондонлиги қўшинлар консентрациясидан қочишга, ўқ-дори захираларини эса кичик омборларга тақсимлаб юборишга мажбур бўлди. Бу эса ҳарбий ҳаракатлар суръатини пасайтириб юборди. Шундай қилиб, Россия армиясининг 2022-йилги ҳужум кампаниясини атиги 4 та HIMARS тизими барбод қилди
Қарши ҳужум
Ғарб давлатлари томонидан етказиб берилган қурол-яроғ ва сафарбарлик сабаб Украина ташаббусни ўз томонига оғдирди. Ўша йилнинг сентябрь ойида қарши ҳужум кампанияси бошланди. Украиналиклар рус қўмондонлигини ҳужум гўёки Херсон йўналишида бошланишига ишонтириб, Харьков вилоятидан зарба берди. Натижада Изюм, Купянск ва Балаклея каби шаҳарлар қисқа вақт ичида озод этилди. Бу вақтда Путин Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг саммитида қатнашиш учун Самарқандга келганди. Халқаро тадбирда Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди россиялик ҳамкасбини дипломатияга чақириб, матбуот олдида танқид қилди. Бундан таъсирланган Кремль раҳбари Россияга қайтиши билан сафарбарлик эълон қилди.
Аммо 300 минг кишини армияга жалб этиб, қуроллантириш ва тайёргарликдан ўтказиш осон эмасди. Шу билан бир вақтда, Украина армиясининг муваффақиятли ҳужумлари давом этди. Октябрнинг дастлабки кунида Донецк вилоятининг Лиман шаҳри озод этилди. Ноябрга келиб эса руслар Херсонни ҳам ташлаб чиқишди. Россия армияси Днепр дарёсининг шарқий қирғоғига чекиниб, келгуси йил бўладиган жанглар учун тайёргарлик кўра бошлади. Кремль 2023 йил учун фронт ортида ҳам жиддий тайёргарлик кўра бошлади. Сафарбарлик Россия қуролли кучларига шахсий таркиб тақчиллиги муаммосини ҳал қилиш ва мудофаадаги “тешикларни” ёпиш имконини берди. Аммо жамиятдаги норозилик кайфияти сабаб аҳоли орасидан мажбурий сафарбарлик тўхтатилди. Бироқ мобилизация тўғрисидаги Россия президенти фармони юридик жиҳатдан ҳануз амал қиляпти.
Россия қуролли кучлари мудофаа ва куч тўплаш билан банд бир вақтда майдонга Вагнер хусусий ҳарбий компанияси кириб келди. У ўз сафини жазони ижро этиш муассасаларидаги маҳкумлар билан тўлдириб, сентябрь ойидан Бахмутга фаол ҳужумлар бошлади. Собиқ маҳбуслар штурмга аёвсиз ташлангани боис бу жанг “Бахмут гўшт майдалагичи” номини олди. Тахминан ўн ой давом этган қақшатқич жанглардан сўнг Вагнер раҳбари Пригожин шаҳар қўлга олинганини эълон қилди. Аммо бу вақтда унинг Россия мудофаа вазирлиги билан муносабатлари таранглашиб бўлганди. У етарли даражада ўқ-дори етказиб берилмагани учун вазир Шойгу ва Бош штаб бошлиғи Герасимовни ошкора ҳақоратлаб чиқди.
“Адолат марши”
Икки ўртадаги таранглик медиадан жанг майдонига ҳам кўчди. 2023-йилнинг 23 июнь куни Пригожин Россия армияси Вагнер лагерига ракета зарбаси берганини иддао қилиб, Москва томон юриш бошлади. Мудофаа вазирлиги қўшинлари Украина фронтида банд бўлгани боис унинг жангариларини тўхтатадиган куч топилмади. Пригожин аскарлари Ростов-Дон шаҳрини эгаллаб, Жанубий ҳарбий округ штаб-квартирасини назоратга олди. Бироқ “Вагнер”чилар бу билан кифояланмай, Москва томон юришда давом этди. Аммо кутилмаганда Беларусь президенти ўртага тушиб, Пригожин ва Путин ўртасида воситачи вазифасини бажарди. Исёнчи қўмондон амнистия эвазига қуролларини топширишга рози бўлди. Бироқ орадан кўп ўтмай, унинг самолёти ҳавода портлаб кетди. Аксар экспертлар буни Россия сиёсий элитасига сабоқ бериш учун қўл урилган намойишкорона суиқасд сифатида баҳолашди.
Пригожин кўтарган шамол юқори компетентликка эга генераллардан бири Суровикинни ҳам учириб кетди. У ўша пайтлар РФ қуролли кучларининг Бирлашган қўшинлар гуруҳи қўмондони эди. Генерални Вагнер билан тил бириктиришда айблаб, ўз лавозимидан олишди. Бироқ у кўрган чоралар Украина учун фожиаларга олиб келди. Гап шундаки, Суровикин Пригожин аскарлари Украина армиясини Бахмутда ушлаб турганидан фойдаланиб, ўз номи билан аталган мудофаа чизиғини қурди. У танкка қарши миналар, хандақлар, туннеллар ва ўт очиш нуқталаридан иборат мураккаб ҳимоя чизиғи эди.
Украина армияси 2023 йил ёзига келиб аллақачон Ғарбнинг Bradley пиёда жанговар машиналари ҳамда Леопард 2 танклари билан қуролланган эди. Шунга қарамай, июнь ойида бошланган қарши ҳужум кутилган натижани бермади. Украина қуролли кучларининг ўша вақтдаги бош қўмондони Валерий Залужний ноябрь ойига келиб, уруш боши берк кўчага кириб қолганини айтди. Шундан сўнг кураш позицион даражага тушиб, ресурслар жанги бошланди. Бунда “Суровикин чизиғи”нинг ўрни катта эди.
Бутун ёз ва куз ойларида давом этган қарши ҳужум кампанияси натижасида жуда кичик ҳудудлар озод этилди. Бундай муваффақиятсизлик ўз репутациясига доғ туширишини истамаган Зеленский ва бош қўмондон Залужний ўртасида зиддият бошланди. Алалоқибат 2024-йилнинг 8 февраль куни президент уни лавозимидан озод этди. Бош қўмондон лавозимига эса Александр Сирский тайинланди. Бироқ бу Авдеевка шаҳрини қутқариб қололмади. Шаҳар ўша ойнинг ўзида руслар назоратига ўтди. Бунда россияликларга универсал режалаштириш ва тузатиш модулига эга FAB бомбалари асқатди. Самолётлар уларни нишондан 40-50 км узоқликда туриб, яъни Украина ҳаво мудофаа тизимлари таъсир зонасига кирмай ташлаши мумкин эди. Энг муҳими, бу турдаги бомбалар вайронкор кучга эга бўлиб, нархи ҳам бир неча минг доллардан ошмасди. Шу билан бирга, Авдеевканинг қўлдан кетишида Қўшма Штатлар ҳарбий ёрдамининг тўхтаб қолиши ҳам рол ўйнади. АҚШ Республикачи партияси қонунчилари ўз талабларини қондириш учун Киевга ажратилган 60 миллиард долларни музлатиб қўйишганди.
Бу турдаги бомбалар бир неча шаҳарларнинг руслар назоратига ўтишига сабаб бўлди. Аммо ҳарбий ҳаракатларда инқилобни FPV-дронлар ясади. Снарядлар тақчиллиги боис ҳар икки томон уларни 2023-йилдан фаол қўллай бошлади. Бу турдаги дронлар атиги бир неча юз доллар эвазига йиғиш ва кўп сонда қўллаш мумкин эди. Қолаверса, улар артиллериядан фарқли, душманга юқори аниқликда зарба берарди. Шундай қилиб, Украина ва Россия муҳандислари бу турдаги учувчисиз учиш қурилмаларининг парвоз масофаси, талафот етказиш имконияти ва электрон уруш тизимларига чидамлилигини ошириб борди.
2024-йилнинг апрель ойига келиб ярим йиллик танаффусдан сўнг Қўшма Штатлар ҳарбий ёрдами тикланди. Орадан тахминан 20 кун ўтиб, Россия кучлари Харьков вилоятига навбатдаги ҳужумни бошлади. Вовчанск шаҳри мана шу кураш марказида бўлди. Аммо украиналиклар ҳужумни қайтаришга муваффақ бўлди. Тактик жиҳатдан Россия кичик муваффақиятларга эришди, аммо стратегик манзарада ҳеч нарса ўзгармади. Аксинча, Харьков вилоятига ҳужум сабаб Ғарб давлатлари Киевга Россия ҳудудига зарба бериш учун “яшил чироқ” ёқди. Шу боис рус қўмондонлиги штаблар, ўқ-дори омборлари ва аэродромларни HIMARS тизими, шунингдек Storm Shadow қанотли ракеталари таҳдид солмайдиган масофага кўчиришга мажбур бўлди.
Курск кампанияси
2024-йилнинг август ойига келиб урушда янги фронт, шу билан бир вақтда, янги саҳифа очилди. Украина қуролли кучлари кутилмаганда Россиянинг Курск вилоятига бостириб кирди. Рус қўмондонлиги бу йўналишдан ҳужум кутмагани боис ҳудуд мудофааси учун чегарачилар ва муддатли ҳарбий хизматчиларни қолдирганди. Табиийки, улар урушда тобланган Украина аскарларига қарши туриб беролмади. Натижада юзлаб россияликлар асир тушди. Украиналиклар тахминан 1200 квадрат километр майдонни эгаллаб, Суджа шаҳрини плацдармга айлантирди.
Курск вилояти учун жангларда Россия оптик тола кабелли дронларни кенг қўллай бошлади. Бу турдаги учувчисиз учиш қурилмалари электрон уруш тизимлари учун дахлсиз бўлиб, Украина армиясига қақшатқич талафот етказди. Шундан сўнг мазкур тажрибани украиналиклар ҳам ўзлаштирди. Ҳозир ҳар иккала томон улардан кенг фойдаланади. Аммо оптик тола кабелли дронлар, авиабомбалар ва бошқа илғор қуролларга қарамай, рус армияси Курск вилоятида жиддий муаммоларга дуч келди. Россияликлар ўз ҳудудларини тўлиқ қайтариб олиши учун ярим йилдан ортиқ вақт кетди. Ҳатто бунда уларга Шимолий Кореядан юборилган тахминан 12 минг кишилик ҳарбий контингент ёрдам берди.
Киев Курск фронтини очиш билан Донбасс шаҳарларига тушаётган босимни камайтиришни режа қилган эди. Шунга қарамай, Россия армияси сентябрь ойида Покровск шаҳрига яқинлашди. Орадан бир ой ўтиб эса икки йилдан бери мардонавор туриб берган Угледар шаҳри ташлаб чиқилди. Бу вақт оралиғида Украина иттифоқчилари ваъда қилган 80 та F-16 қирувчи самолётларининг дастлабки партиясини қабул қилиб олди. Украиналиклар уларни дастлаб ракета ва дрон ҳужумларини қайтаришда қўллади. Бу Россия томони Украина энергетика инфратузилмасига зарбаларни жадаллаштирган бир вақтга тўғри келди. Шу боис украиналиклар қишни кучли энергетик тақчиллик билан ўтказди.
Фронтда жиддий ўзгариш йўқ
2025-йили ҳар иккала томон ҳам харитада жиддий ўзгариш қила олмади. Рус армияси Покровск ва Купянск шаҳарларига кирди. Бироқ уларни тўлиқ эгаллашга муваффақ бўлмади. Қуруқликда олдинга силжиш суръати ҳаддан зиёд пастлиги боис Россия томони асосий эътиборни дрон зарбаларига қаратди. Украина шаҳарларига ҳар куни юзлаб, баъзан эса 500 га яқин учувчисиз учиш қурилмалари билан зарба берилди. Бу ҳам етмагандек, Оқ уйга қайтган Дональд Трамп Қўшма Штатларнинг Украинага ҳарбий ёрдамини тўхтатди. АҚШ президенти урушни якунлаш ҳақида сайловолди ваъдасини бажариш учун Киевга босиб ўтказа бошлади. Музокаралардан сўнг Европа давлатлари Украина учун АҚШ қуролларини сотиб оладиган бўлди.
Аммо урушнинг тўртинчи йили Россиянинг ҳам қатор муаммоларини очиб берди. Биринчи навбатда, мамлакатнинг кўнгиллилардан иборат сафарбарлик захираси чексиз эмаслиги яққол кўриниб қолди. Энди аксар россияликларни Россия мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаш эвазига таклиф этилаётган бир неча миллион рубль қизиқтирмасди. Жиллақурса, улар бу ўз ҳаётини хавф остига қўйиш учун етарли бўлмаган сумма деб ҳисоблашарди. Шу боис Африка ва Яқин Шарқ мамлакатларидан эркакларни ҳарбий хизматга жалб этиш ва меҳнат муҳожирларига босим ошди.
Бундан ташқари, юқори давлат харажатлари сабаб шиддат билан ўсган рус иқтисоди ҳам оқсай бошлади. Бюджет дефицити ва инфляция ҳам кескин ошди. Натижада Россия Марказий банки фоиз ставкаларини кўтаришга, ҳукумат эса солиқларни оширишга мажбур бўлди. Умуман олганда, 2025-йили Россия Мудофаа вазирлигига тахминан 150 млрд доллар, бутун хавфсизлик тузилмасига эса 180 млрд доллар сарфлади. Бу мамлакат ялпи ички маҳсулотининг тахминан 7 фоизи бўлиб, Совет Иттифоқи қулаганидан буён Москва учун энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Шунга қарамай, рус ҳарбийларини зирҳли транспорт воситалари билан таъминлаш даражаси қониқарли эмас. Буни ҳарбийлар фронтда мотоцикллар ва эски совет машиналаридан тобора кўпроқ фойдаланаётгани ҳам кўрсатиб турибди.
Иқтисодий муаммолар ҳарбий саноат комплексининг ҳолатини ҳам оғирлаштирди. Бир неча йил давомида давлатнинг миллиардлаб долларлик буюртмаларини қондириш учун ишлаб чиқариш фаолиятини кенгайтирган компаниялар энди ходимларига маош тўлашни ҳам эплолмай қолди. Натижада уларнинг аксарияти, ҳатто “КАМАЗ” акциядорлик жамияти қарзга ботди. Бунга асосан Россия Мудофаа вазирлигининг давлат буюртмалари учун тўловларни вақтида амалга оширолмаётгани сабаб бўлди.
Бу вақт оралиғида Украина томонида ҳам жиддий муаммолар кузатилди. Қўшма Штатлардан ҳарбий ёрдам тўхташи, Трамп маъмуриятининг босими, ҳукуматнинг юқори доираларига алоқадор коррупция можаролари ва сафарбарлик жараёнидаги муаммолар шулар жумласидан. Бироқ Украина ҳарбий саноат комплекси барқарор ривожланиб бормоқда. Россиянинг тўхтовсиз зарбаларига қарамай, мамлакат ўз эҳтиёжи учун мустақил ишлаб чиқарадиган қурол-яроғ ва аслаҳалар сонини оширди. Бунда эса кейинроқ Дания модели номини олган ташаббус муҳим рол ўйнади. Унга кўра иттифоқчилар ҳарбий ёрдам сифатида ажратилаётган маблағларнинг бир қисмини Украина ҳарбий саноат комплексига йўналтиришга келишиб олди. Бу эса ўз натижасини берди.
2025-йили, шунингдек, ҳар иккала томонда йирик ҳужум амалиётлари учун ресурс тақчиллиги яққол кўриниб қолди. Қақшатқич жанглар ва ўн, эҳтимол юз минглаб қурбонларга қарамай, рус армияси бутун йил давомида мамлакатнинг атиги 0,72 фоиз ҳудудини эгаллай олди холос. Бу уруш боши берк кўчага киргани, на Украина, на Россия қуролли кучларида вазиятни кардинал даражада ўзгартириш учун салоҳият йўқлигидан далолат қилади. Бундай вазиятга ягона ечим сифатида дипломатия майдонга чиқади. Бироқ Оқ уй можарони якунлаш учун воситачи ролини танлаганига бир йўл бўлганига қарамай, ҳозирча ҳар иккала пойтахтни қаноатлантирадиган ечим топилмади. Уруш эса давом этмоқда.
2026 йил ҳолатига Россия Украинанинг тахминан 19 фоиз ҳудудини назорат қилмоқда. Россияликлар Луганск вилоятини деярли тўлиқ, Донецкнинг эса катта қисмини эгаллаган. Бундан ташқари, Запорожье ва Херсон вилоятлари ва Қрим яримороли ҳам вақтинча босиб олинган мақомида турибди. Бироқ Украина ҳар икки вилоят марказларини ўз назоратида сақлаб қолган. Россияликлар, бундан ташқари, Харьков ва Суми вилоятларининг ҳам кичик ҳудудларини қўлга киритган. Бироқ кучли қаршилик ва ресурслар тақчиллиги сабаб фронтнинг мазкур участкалари “музлаб қолган”. Ҳозир асосий жанглар Покровск ва Купянск шаҳарлари учун бормоқда. Россия штаби президент Путинга уларнинг иккиси ҳам эгаллангани ҳақида ҳисобот берган. Бироқ Покровск ҳануз тўқнашувлар марказида турибди. Купянскни эса украиналиклар қарши ҳужум билан озод қилди.


Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун, аввал