Қирғизистонда вилоят, туман ва шаҳарлар босқичма-босқич тугатилиб, уларнинг ўрнига 20 та йирик округ пайдо бўлади. Бу ҳақда мамлакат президенти Садир Жапаров маълум қилди.
“Синов тариқасида битта округ тузамиз, 2-3 йил кузатамиз. Ҳаммаси яхши бўлса, вилоят ва туманларни тугатишни бошлаймиз”, деди президент Ўш вилояти Ноокат тумани аҳолиси билан учрашувда.
Ҳозирда мамлакатда ўнлаб маъмурий бирликлар, хусусан, 44 та туман ва 33 та шаҳар мавжуд. Бироқ Жапаров бундай тузилма ортиқча бўлиб, жойларда бошқарувни мураккаблаштиришини айтди.
Ислоҳот доирасида вилоят ва туманлардан бутунлай воз кечиш режалаштирилмоқда. Бунинг ўрнига Қирғизистон 20 та округга бўлинади. Жапаров бу жараён бирданига эмас, балки узоқ муддатда амалга ошишини таъкидлади. Янги тизимга ўтиш тахминан уч йилдан тўрт йилгача давом этади.
Дастлаб битта тажриба округи ишга туширилади. Уни икки-уч йил давомида синовдан ўтказиш режалаштирилган. Тажрибада янги бошқарув моделининг самарадорлиги ва унинг молиявий мустақилликка қодирлиги баҳоланади. Округ ўзини ўзи таъминлай олишига алоҳида эътибор қаратилади. Агар тажриба лойиҳаси ижобий натижалар кўрсатса, расмийлар эски маъмурий тузилмадан бутунлай воз кечади.
Маълумот ўрнида, Қирғизистонда маъмурий ислоҳотнинг биринчи босқичида овуллар ва қишлоқлар бирлаштирилган эди. Иккинчи босқич эса вилоят ва туманларни тугатиб, округлар ташкил этишни ўз ичига олади.

.jpg)
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун, аввал