Daryo

АҚШ Яқин Шарқ ва Европага 150 дан ортиқ ҳарбий самолёт юборди

Самолётларнинг ярмидан кўпи Шарқий Европадаги базаларга қўнган. Эроннинг аксарият ракеталари бу ҳудудга етиб бора олмайди.

2 дақиқа ўқиш10 746 кўришлар0 изоҳ3

АҚШ бир ҳафта ичида Яқин Шарқ ва Европадаги базаларга 150 дан ортиқ ҳарбий самолётни жойлаштирди. Бу ҳақда парвозларни кузатиш бўйича очиқ маълумотлар ва сунъий йўлдош тасвирларига таяниб, The Washington Post хабар берди.

Самолётларнинг кўпайиши АҚШ ва Эрдон ўртасидаги ядровий хавфсизлик бўйича музокараларда ютуқ йўқлиги фонида содир бўлмоқда. АҚШнинг минтақадаги ҳозирги ҳарбий иштироки 2003 йилдаги Ироқ урушидан бери энг йирик кўламлардан бири ҳисобланади.

Самолётлар жойлашувини таҳлил қилган экспертларга кўра, кучлар миқёси 2025 йилнинг июнь ойида Эрон ядровий дастурига эҳтимолий зарбаларга тайёргарликдан ҳам кўпроқ.

“Йиғилган кучларнинг кўлами шуни англатадики, АҚШ ҳарбийлари президент Трампнинг ҳар қандай қарорини бажариши мумкин — узоқ давом этадиган кампаниядан тортиб, янада аниқроқ, чекланган зарбаларгача”, деди АҚШ мудофаа вазирининг Яқин Шарқ бўйича собиқ ўринбосари, ҳозирда Вашингтон институтининг тадқиқот директори Дана Строл.

Самолётларнинг ярмидан кўпи Шарқий Европадаги базаларга қўнган. Эроннинг аксарият ракеталари бу ҳудудга етиб бора олмайди.

“Бу АҚШга техника ва шахсий таркибни Теҳрон учун “жозибадор нишон”га айлантирмасдан жойлаштириш имконини беради”, дея тушунтирди Eurasia Group’нинг Эрон бўйича катта таҳлилчиси Грегори Брю.

Асосий локациялардан бири Иорданиядаги Муваффақ Салти ҳаво базаси бўлди. 21 февраль куни сунъий йўлдошдан олинган суратларда у ерда 60 дан ортиқ жанговар самолёт, жумладан, ўндан ортиқ F-35 қирувчи самолёти қайд этилган.

Бундан ташқари, минтақада иккита авиаташувчи кема — Уммон қирғоқлари яқинида USS Abraham Lincoln ва Грециянинг Крит ороли яқинида USS Gerald R. Ford мавжуд. Уларнинг бортида ўнлаб Tomahawk қанотли ракеталари билан жиҳозланган эсминецлар жойлашган. Ушбу ракеталар июнь ойида Эрон ядровий нишонларига зарба беришда қўлланган эди.

АҚШ, шунингдек, Яқин Шарқ ва Европада ўзининг мавжуд e-3G Centry узоқ масофали радар самолётлари флотининг учдан бир қисмидан кўпроғини жойлаштирди. Европа базаларида F-22А Raptor ва F-16 Fighting Falcon қирувчи самолётлари ҳам қайд этилган.

“Агар АҚШ маъмурияти узоқ давом этадиган ҳаво кампаниясини режалаштирса, янада кўпроқ ресурслар талаб қилиниши мумкин”, деди Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази катта маслаҳатчиси Марк Кансиан.

“Маъмурият Эронга нисбатан нимани ўйлаган бўлса, у буни кенг кўламда, аммо етарлича тез, салбий оқибатлар хавфи минимал бўлган ҳолда амалга оширмоқчи”, дея хулоса қилди Брю.

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар