Daryo

Нега АҚШ Олий суди Трампнинг тарифларини ноқонуний деб топди?

АҚШ Олий суди Дональд Трампга қарши чиқиб, унинг иқтисодий ва ташқи сиёсатининг асосий қуроли — дунёнинг деярли барча мамлакатларидан олиб келинадиган товарларга қўйилган кенг кўламли импорт божларини бекор қилди. Президент судьяларни “аҳмоқлар ва қўлга ўргатилган итлар” деб атади.

7 дақиқа ўқиш2 720 кўришлар0 изоҳ1

АҚШ Олий суди Дональд Трампга қарши чиқиб, унинг иқтисодий ва ташқи сиёсатининг асосий қуроли — дунёнинг деярли барча мамлакатларидан олиб келинадиган товарларга қўйилган кенг кўламли импорт божларини бекор қилди.

Президент судьяларни “аҳмоқлар ва қўлга ўргатилган итлар” деб атади ва бекор қилинган божлар ўрнига зудлик билан янгиларини жорий қилди, бироқ уларнинг амал қилиш муддати 150 кундан ошмаслиги мумкин: муддатни узайтириш учун Конгресснинг рухсати зарур. Бу қарама-қаршилик Америка иқтисодиёти учун қандай оқибатларга олиб келади?

Нима учун суд Трампнинг божлар жорий этишини ноқонуний деб топди?

АҚШ Олий суди 20 февралдаги қарорида Дональд Трамп 1977 йилдаги “Халқаро фавқулодда иқтисодий ваколатлар тўғрисида”ги қонундан (International Emergency Economic Powers Act — IEEPA) фойдаланиб, ўз ваколатларини суиистеъмол қилган деб топди. Иккинчи президентлик муддатининг бошида Трамп АҚШнинг деярли барча савдо шериклари, жумладан, Европа Иттифоқи мамлакатлари, Буюк Британия, Хитой, Ҳиндистон, Мексика, Канада, Бразилия, Россия ва бошқа давлатлардан импорт қилинадиган товарларга божлар жорий этган эди.
Судьяларнинг қарори олтига уч нисбатдаги овоз бериш йўли билан қабул қилинди. Божларнинг ноқонунийлигини уч нафар либерал судья ва олти нафар консерватордан уч нафари, жумладан, суд раиси Жон Робертс ҳам ёқлаб овоз берди.

Таъкидлаш жоизки, Олий суд бугунги кунда айнан олтига уч нисбатида консерватив кўпчиликка эга ва шу пайтгача асосан Трампнинг ҳаракатларини қўллаб-қувватлаб келган. Шу сабабли, божлар бўйича қарор алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, Олий суднинг сиёсий босимлардан мустақил эканини намойиш этди.
Қарор мантиғи қуйидагича: IEEPA қонуни президентга “импортни тартибга солиш” ҳуқуқини беради, аммо бу тартибга солиш моҳиятан солиқ ҳисобланадиган божларни жорий этиш ҳуқуқини англатмайди.

АҚШда солиқларни фақат Конгресс жорий этиш ҳуқуқига эга.

“Агар Конгресс президентга тарифларни жорий этиш бўйича махсус ва фавқулодда ваколатлар бермоқчи бўлганида, буни тўғридан тўғри қилган бўларди”, деб ёзади суд раиси Жон Робертс ўз хулосасида.

Божхона хизмати суд қарорини ижро этишга аллақачон киришди: IEEPA бўйича бож ундириш 24 февралдан тўхтатилади.

Фото: EPA

​Трампгача бўлган АҚШ президентлари импортни тартибга солиш иборасидан бошқа мамлакатларга нисбатан санкциялар ва эмбарголар қўллаш учун фойдаланган, бироқ божлар учун ҳеч қачон буни қўлламаган. Масалан, IEEPA қонунидан 2014 йилда Барак Обама фойдаланган. Ўшанда у Қрим аннексияси учун Россияга қарши санкциялар жорий қилганди. Жо Байден ҳам 2022 йилда Украинага қилинган ҳужумдан сўнг шундай йўл тутганди.

Айнан қандай божлар бекор қилинди?

Гап фақат 1977 йилдаги “Халқаро фавқулодда иқтисодий ваколатлар тўғрисида”ги қонун доирасида жорий этилган божлар ҳақида кетмоқда.

Трамп маъмурияти бир йўла бутун импортга бож солиш учун энг қулай ва самарали восита сифатида IEEPA қонунидан фойдаланган. Қонун ёрдамида АҚШ савдо камомадини қисқартириш баҳонасида дунёнинг деярли барча мамлакатларидан келадиган маҳсулотларга божлар жорий этилганди (минимал ставка 10 фоизни ташкил этган). Шунингдек, IEEPA наркотрафикка қарши кураш баҳонасида Канада (25%), Мексика (25%) ва Хитойдан (10%) келтириладиган товарларга қўйилган божларни жорий этишга имкон берган эди.

Шу билан бирга, Конгресс президентга бошқа қонунларга мувофиқ ҳам божлар жорий этиш ҳуқуқини тақдим этган. Масалан, 1962 йилги “Савдони кенгайтириш тўғрисида”ги қонуннинг (Trade Expansion Аcт) 232-бўлими, агар импорт “миллий хавфсизликка таҳдид солса”, АҚШ президентига тарифлар ва бошқа савдо чекловларини жорий этишга рухсат беради. Трамп айнан шу қонунга асосан пўлат (50% ставка), алюминий (50%), мис деталлар (50%), автомобиллар ва автоэҳтиёт қисмлар (25%), юк машиналари (25%), автобуслар (10%) ва бошқа маҳсулотлар импортига божлар жорий қилган. IEEPA’дан фарқли ўлароқ, 232-бўлим миллий хавфсизликка таҳдид мавжудлигини исботлаш учун Савдо вазирлигидан махсус федерал текширув ўтказишни талаб қилади ва бунинг учун вазирликка 270 кун муҳлат берилади.

1974 йилги “Савдо тўғрисида”ги қонуннинг (Trade Аcт) 201-бўлими саноатни импортнинг кескин ўсишидан келиб чиқиши мумкин бўлган таҳдиддан ҳимоя қилиш механизмларини жорий этган. Айни қонуннинг 301-бўлими эса савдо битимларини бузаётган ёки “адолатсиз” деб топилган ва АҚШ савдосига салбий таъсир кўрсатадиган савдо сиёсатини юритаётган хорижий давлатларга қарши чора кўриш имконини беради. Аммо бу ҳам махсус федерал тергов доирасида исботланиши керак. Трамп бу ҳуқуқдан асосан Хитойдан келтириладиган товарларга божларни ошириш учун бир неча бор фойдаланган.

Фото: Google Images

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, Олий суд қароридан сўнг Трамп божларининг бир қисми барибир ўз кучида қолмоқда. Бекор қилинганларини эса Трамп аллақачон қайта жорий этган, фақат энди IEEPA доирасида эмас, балки бошқа қонун асосида ва янада чекланган шаклда.

Трамп янги божларни айнан нима билан асослади?

Трамп Олий суд қарорини “ҳафсалани пир қилувчи” деб таърифлади, унга қарши овоз берган судьяларни эса “аҳмоқлар ва қўлга ўргатилган итлар” деб атади. Президент уларни “хорижий давлатлар манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилишда” айблади (лекин айнан қайси давлатлар эканига аниқлик киритмади).

Айниқса, Трампнинг ўзи биринчи президентлик муддатида номзодини Олий судга илгари сурган икки консерватор — Нил Горсач ва Эми Кони Барреттга қаттиқ танбеҳ берди: уларнинг божларга қарши овоз беришини президент “оила аъзолари учун шармандалик” деб атади. Аксинча, Трампни ва тарифларни ёқлаб овоз берган судья Каванони эса мақтаб, “даҳо” дея эътироф этди.

Олий суд қароридан бир неча соат ўтиб, Трамп барча мамлакатлар учун умумий 10 фоизлик бож жорий этилишини эълон қилди, сўнгра уни 15 фоизгача оширди. Бу сафар Трамп 1974 йилги Савдо тўғрисидаги қонуннинг 122-бўлимидан фойдаланишга қарор қилди. Бу моддани ундан олдин бирор-бир президент қўлламаганди. Янги божлар ҳозирча 150 кунлик муддат билан чекланган. Уларнинг амал қилишини узайтириш учун Конгресс рухсати талаб этилади.

Буюк Британия, Саудия Арабистони, Россия, Колумбия, Чили, Аргентина, Австралия каби кўплаб мамлакатлар учун бу IEEPA бўйича амалда бўлган 10 фоизлик тариф ставкасининг камида вақтинча янги – 15 фоизлик даражагача ошишини англатади.

Хўш, Олий суд “ноқонуний” деб топган божларни тўлаган давлатларга пуллари энди қайтариладими? Айтганча, улар ўзи қанча тўлашган?

Олий суд аввалроқ тўланган божларнинг қайтарилиши масаласида аниқ кўрсатма бермай, бу ишни қуйи инстансия судлари ихтиёрига қолдирди.

Америка компаниялари божлар туфайли кўрилган 133,5 миллиард долларлик зарарнинг қопланишини кутмоқда. Бироқ якуний сумма бундан ҳам кўп бўлиши, суд муҳокамалари эса кўп йилларга чўзилиши мумкин.
АҚШ Савдо палатаси, шунингдек, Чакана савдо корхоналари ҳамда Кийим-кечак ва пойабзал ишлаб чиқарувчилари уюшмалари пулларни қайтариш талаби билан чиқишди. Ел университети ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йилда ноқонуний деб топилган йиғимлар миқдори 142 миллиард долларга етган, Ж.П. Морган эса умумий суммани 200 миллиард доллар деб баҳолаган.

Фото: Google Images

Умуман, Трампнинг бож сиёсати ўзини қандай оқлади? Божлар иқтисодиётга фойда келтирадими?

Божларнинг оширилиши импорт товарлари нархини бевосита ошириб, америкалик истеъмолчилар ва бизнес учун нарх-навони кўтаради. Бундай товарларнинг аксарияти маҳаллий ишлаб чиқаришда бутловчи қисм сифатида ишлатилгани учун юқори божлар импорт материаллари ёрдамида мамлакат ичида ишлаб чиқариладиган товар ва хизматлар таннархини ҳам билвосита оширди.

Конгресс Бюджет бошқармаси баҳоларига кўра, божлар юкининг 95 фоизини амалда америкалик истеъмолчилар ва корхоналар тўлайди. Нью Йорк Федерал захира банки иқтисодчилари ҳам 2025 йилнинг январь-ноябрь ойлари статистикасини таҳлил қилиб, шундай хулосага келишган. Германиянинг Кил институти иқтисодчилари ҳам шу фикрда. “Америка ғазнасига тушадиган бож даромадлари хорижликлардан эмас, америкаликларнинг ўзидан йиғиб олинади. Иқтисодий жиҳатдан улар истеъмол солиғидан фарқ қилмайди”, дея қайд этди улар.

АҚШда йиллик инфляция 2025 йил декабрида 2,9 фоизгача тезлашди (2024 йил декабрида 2,6 фоиз эди). 2026 йил январь ойида эса Америка компаниялари 108 мингдан ортиқ иш ўрнини қисқартирди, бу 2025 йил январига нисбатан 118 фоизга кўпдир.

Трамп тарифларни ошириш савдо камомадини (товар ва хизматлар импортининг экспортдан ошиб кетиши) камайтиради ва америкалик ишлаб чиқарувчини қўллаб-қувватлайди, деб бир неча бор ваъда берган эди. 2025 йилда АҚШ экспортининг ўсиши (+6,2%) импорт ўсишини (+4,7%) ортда қолдирди ва йил якунларига кўра, умумий савдо камомади кўрсаткичи ҳақиқатан ҳам қисқарди.

Бироқ барқарор профицит кузатиладиган хизматлар соҳасини ҳисобга олмаганда, товарлар савдоси камомади агрессив бож сиёсатига қарамай, ўтган йили 2,1 фоизга ошган. АҚШнинг Хитой билан савдо камомадининг камайиши асосан Вьетнам, Ҳиндистон ва Тайван билан кўрсаткичларнинг сезиларли даражада ўсиши ҳисобига қопланди — яъни ўша Хитой импортининг катта қисми воситачи мамлакатлар орқали кириб келган.

P.C. Трамп Конституциянинг 14-тузатишига қарши

Олий суд Трамп қарорларининг қонунийлигини баҳолашда давом этади: 1 апрель куни судьялар президентнинг яна бир шов-шувли фармонини расман кўриб чиқади. Унга кўра, ота-оналари мамлакатда ноқонуний ёки вақтинча яшаётган бўлса, АҚШда туғилган болаларнинг автоматик равишда фуқаролик олиши тақиқланади. Бу фармон кучга кирмаган, уни Нью Ҳемпшир федерал суди тўхтатиб қўйганди. Аммо якуний қарорни Олий суд чиқаради.

Тошкентданман. Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультетини тамомлаганман. 20 йилдан бери журналистика соҳасидаман. “Дарё”да 2022 йилдан бери ишлайман. Ҳозирда Таҳлил ва таржима бўлми бошлиғиман. Ёқтирган киноим: "Баламут". Китоблардан эса Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари” асари ёқади.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар