АҚШ президенти Дональд Трамп Италиянинг Милан ва Кортина шаҳарларида бўлиб ўтаётган Қишки Олимпия ўйинларининг хоккей бўйича финал баҳсига ташриф буюрмайди.
Италиянинг Il Giorno нашри хабарига кўра, якшанба куни (22 февраль) президентнинг Оқ уйда режалаштирилган муҳим учрашувлари унинг Миланга келишига имкон бермади. Шунингдек, АҚШ Олий судининг импорт божларини ноқонуний деб топиш ҳақидаги қарори ҳам президентнинг хориж сафаридан воз кечишига сабаб бўлган омиллардан бири сифатида кўрилмоқда.
АҚШ терма жамоаси бош мураббийи Майк Салливан президентнинг келмаслиги жамоага салбий таъсир қилмаслигини таъкидлади:
“Президентнинг ташрифидан қатъи назар, жамоамиз ғалаба учун бор кучини ишга солади ва юқори мотивация билан ўйинга тушади”, дейди мураббий.
Аввалроқ, агар АҚШ терма жамоаси финалга чиқса, Трамп Миланга келиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди. Маълумот учун, бугун якшанба куни АҚШ ва Канада терма жамоалари Олимпиада олтин медаллари учун музга тушади.
Маълумот учун, АҚШ ва Канада терма жамоалари ўртасидаги финал баҳси 22 февраль, якшанба куни Тошкент вақти билан 18:10 да бошланади.








