Исроил армиясини юқори жанговар шай ҳолатга келтирилди, АҚШнинг Эронга зарба бериши эҳтимоли ортмоқда. Бу ҳақда Ynet нашри хабар берди.
Исроилнинг фуқаролик мудофааси учун масъул “Орқа фронт қўмондонлиги” ҳамда барча қутқарув хизматларига уруш эҳтимолига тўлиқ тайёр туриш топширилган. Ушбу чоралар АҚШнинг Эронга эҳтимолий зарбаси билан боғлиқ бўлиб, унда Исроил кучлари ҳам иштирок этиши мумкин.
Мамлакат бош вазири Биньямин Нетаньяху раҳбарлигида яқинда бу масала юзасидан маслаҳатлашув ўтказилган. Унда ҳатто Исроил операцияда иштирок этмаган тақдирда ҳам, Эрон жавоб зарбаси бериши эҳтимоли муҳокама қилинган.
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио 28 февраль куни Исроилга ташриф буюриб, Нетаньяху билан музокаралар ўтказиши режалаштирилган. Унда Эрон билан боғлиқ масалалар ҳам муҳокама қилиниши мумкин. АҚШ армияси 21 февралдан Эронга зарба беришга тайёр, бироқ улар президент Дональд Трампнинг якуний буйруғини кутмоқда.
Миллий хавфсизлик бўйича юқори мартабали амалдорлар Трампга тайёргарлик ҳақида маълумот берган. Операция муддати дам олиш кунларидан кейинга сурилиши ҳам мумкин. Пентагон уч кун ичида Яқин Шарқдаги айрим ходимларини Европа ёки АҚШга кўчириши кутилмоқда. Бу Эроннинг эҳтимолий жавоб зарбаларидан ҳимояланиш чораси сифатида кўрилмоқда.
АҚШ январь ойида Abraham Lincoln авиация ташувчисини Яқин Шарқ томон юборган эди. Ўшанда президент Дональд Трамп агар ядровий музокараларда келишувга эришилмаса, Эронга зарбалар бериш билан таҳдид қилган. Ҳозирда Abraham Lincoln Уммон соҳилларидан, тахминан, 240 километр узоқликда, Араб денгизида аниқланган. У Эрондан қарийб 700 километр масофада жойлашган. Abraham Lincoln 90 та самолёт (улар орасида Ф-35 қирувчилари ҳам бор) ва 5 680 нафар экипажга эга. У учта Arleigh Burke туридаги эсминец билан бирга ҳаракатланади.








