“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти Ўзбекистон футбол ассоциациясига йўллаган расмий мактубида 2026-йилдан бошлаб “Насаф”, “Бухоро” ва “Бунёдкор” клубларини молиялаштиришни тўхтатишини маълум қилган. “Дарё” манбаси ушбу маълумотни тасдиқлади.
Маълумотларга кўра, қарор президентнинг тегишли фармойишига асосан қабул қилинган. Унда давлат корхоналари президент ҳужжатларида назарда тутилмаган ҳолларда ҳомийлик ёрдамини тўхтатиши белгилаб қўйилган.
30 январь куни “Ўзбекнефтгаз” операцион самарадорликни ошириш бўйича режалар юзасидан ҳисобот тақдим этган эди. Расмий ахборотда соҳага оид бўлмаган активларни тасарруфдан чиқариш, ҳомийлик тўловларини бекор қилиш ҳамда харажатларни оптималлаштириш орқали молиявий барқарорликни мустаҳкамлаш устувор йўналиш сифатида қайд этилган.
“Аввал компания томонидан қўллаб-қувватлаб келинган уч клуб эндиликда молиялаштиришнинг муқобил манбаларини излашига тўғри келади. Бу ҳолат уларнинг бюджети ва келгуси режаларига маълум даражада таъсир кўрсатиши мумкин”, дейди “Дарё” манбаси.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Суперлигасининг 2026-йилги мавсуми 27 февраль куни старт олади. “Насаф” биринчи турда “Хоразм”га қарши майдонга тушади, “Бухоро” “Қўқон-1912” билан баҳс олиб боради, “Бунёдкор” эса сафарда “ОКМК”га қарши ўйнайди.








