Канаданинг Британия Колумбияси провинциясида жойлашган мактабда содир бўлган отишмада камида 9 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда қироллик полициясига таяниб CNN хабар берди.
Қурбонлар орасида Tumbler Ridge ўрта мактабида отишма содир этган шахс ҳам бор. Воқеа жойида олти киши ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар жароҳат олган. Яна бир киши эса шифохонага олиб кетилаётганда жон берган. Отишмани амалга оширганликда гумон қилинаётган шахс “ўзини ўзи яралаш оқибатида” ҳалок бўлган ҳолда топилган.
Икки нафар жабрланувчи оғир, ҳаёт учун хавфли жароҳатлар билан вертолётда шифохонага етказилган. Қарийб 25 киши маҳаллий тиббиёт марказида даволанмоқда. Ҳодисага алоқадор деб тахмин қилинаётган турар жойда яна икки кишининг жасади топилган.
“Ходимлар жабрланган ёки воқеага алоқадор бўлиши мумкин бўлган шахсларни аниқлаш мақсадида уйлар ва биноларда қидирув ишларини олиб бормоқда”, дейилади полиция баёнотида.
Tumbler Ridge — Канаданинг ғарбий қисмида, Рокки тоғлари этагида жойлашган, аҳолиси 2400 кишидан иборат кичик шаҳарча бўлиб, у АҚШ чегарасидан тахминан 680 километр узоқликда жойлашган. АҚШга нисбатан қурол тўғрисидаги қонунлари анча қатъий бўлган Канадада оммавий отишмалар кам учрайди.
Таққослаш учун, АҚШда ҳар 100 аҳолига 121 та ўқотар қурол тўғри келса, Канадада бу кўрсаткич 35 тани ташкил этади. Полиция жамоатчиликка ҳозирда ҳеч қандай хавф йўқлигини таъкидламоқда.








