OpenAI компанияси 9 февралдан синов тариқасида ChatGPT’да реклама кўрсатишни бошлади. Ушбу тажриба АҚШдаги Free ва Go обунасига эга фойдаланувчиларда амалга оширилмоқда.
Маълум қилинишича, рекламалар 18 ёшдан кичик фойдаланувчиларга кўрсатилмайди. Соғлиқ, руҳий саломатлик ва сиёсат каби мавзулар ёнида реклама жойлаштирилмайди. Фойдаланувчилар кунига камроқ бепул хабарлар юбориш эвазига рекламадан воз кечиши мумкин. Pro, Business, Enterprise ва Education тарифларига эга обуначилар учун реклама умуман бўлмайди.
“Рекламалар ChatGPT сизга берадиган жавобларга таъсир қилмайди ва биз реклама берувчиларга ChatGPT билан суҳбатларингизни ошкор қилмаймиз. Мақсадимиз — реклама ёрдамида одамларнинг муҳим ва шахсий вазифаларни бажаришда ChatGPT’га бўлган ишончини сақлаб қолиш ва ChatGPT’нинг янада кучли функцияларидан кенгроқ фойдаланишни таъминлашдир”, дея таъкидлади OpenAI компанияси.
Синов жараёнида реклама сизнинг суҳбат мавзуйингиз, аввалги чатларингиз ва реклама эълонлари билан илгари қандай контакт қилганингиз асосида танланади. Мисол учун, агар сиз рецептлар излаётган бўлсангиз, озиқ-овқат етказиб бериш хизматлари ёки маҳсулотлар рекламаси чиқиши мумкин. Реклама берувчилар чатлар, суҳбатлар тарихи, сақланган маълумотлар ёки шахсий ёзишмаларингизга кира олмайди. Улар фақат кўришлар сони ёки кликлар ҳақида маълумот олиши мумкин.
Фойдаланувчи ChatGPT’да рекламаларни бошқариши мумкин. Хусусан, рекламаларни яшириш, нима учун сизга маълум бир реклама кўрсатилаётганини билиш, реклама маълумотларини бир марта босиш орқали ўчириш мумкин.
ChatGPT дунёдаги энг оммабоп чат ботлардан бири ҳисобланади. OpenAI’нинг 2025 йил сентябрь ойидаги маълумотларига кўра, ундан ҳар ҳафта Ер юзидаги катталар аҳолисининг қарийб 10 фоизи — тахминан 700 миллион киши фойдаланади.








