Кенияда нақд пуллардан гулдаста ясаганлар қамалиши ва жаримага тортилиши мумкин. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Кения Марказий банки 14 февраль — Севишганлар куни муносабати билан аҳолига огоҳлантириш билан чиқди. Унда пулдан ясалган гулдасталар “кўпайиб бораётгани”, бу эса валютанинг яхлитлигига путур етказиб, қонун бузилишига олиб келиши таъкидланган. Сабаби елим, степлер ва игналардан тез-тез фойдаланиш банкнотларни “муомалага яроқсиз” ҳолга келтиради.
“Бу банкнотларнинг қайта ишлаш жараёнида тез-тез рад этилишига олиб келади ва натижада валютанинг муддатидан олдин муомаладан чиқарилиши ҳамда алмаштирилишига сабаб бўлади. Бу эса аҳоли ва банк учун олдини олиш мумкин бўлган қўшимча харажатларни юзага келтиради”, дейилади Кения Марказий банки хабарида.
Банк нақд пуллардан совға сифатида фойдаланишга қарши эмас, бироқ бундай совға банкнотларни ўзгартириш ёки уларга зарар етказишга олиб келмаслиги керак.
Нақд пуллардан гулдаста ясаган ҳар бир шахс Кения Жиноят кодекси асосида жавобгарликка тортилиши мумкин. Кения шиллингига (мамлакат валютаси) қасддан зарар етказиш, уни йиртиш ёки кесиш ҳуқуқбузарлик ҳисобланади. Айбдор деб топилганлар уч ойгача қамоқ жазосига, максимал 2 минг шиллинг (15,50 доллар) жаримага ёки ҳар иккала жазога тортилиши мумкин.
Кения жамоатчиликни валютадан тайёрланган гулдасталардан огоҳлантирган ягона Африка давлати эмас
2023 йил март ойида Гана Марказий банкининг Валюта департаменти раҳбари аҳолини пулдан тайёрланган совға тўпламлари ва гулдасталардан фойдаланмасликка чақирган. Нигерияда эса сўнгги йилларда тўйларда наира банкнотларини сочиш амалиётига қарши чоралар кучайтирилган.
Кения 2024-йилда 780 миллион долларлик гулларни экспорт қилган. Бу борада Нидерландия (4,26 млрд доллар), Колумбия (1,42 млрд доллар) ва Эквадор (950 млн доллар) етакчи ҳисобланади.
Гуллар 2024-йилда Кениянинг чой ва қайта ишланган нефть маҳсулотларидан кейин учинчи йирик экспорт товарига айланган. Саноатдан тушган даромаднинг 70 фоиздан ортиғи (552 миллион доллар) гуллар ҳиссасига тўғри келган.








