Польша суди рус разведкаси фойдасига жосуслик қилган 50 ёшли эркакни айбдор деб топди. Маълум бўлишича, у 2024-йили Украина президенти Владимир Зеленскийга қарши суиқасд ташкил этишга ёрдамлашган. Бу ҳақда Польша Махсус хизматлари координатори матбуот котиби маълум қилди.
Тергов ҳужжатларига кўра, Польша фуқароси Россия махсус хизматлари билан ҳамкорлик қилиш истагини билдирган ва уларнинг топшириқларини бажаришга тайёрлигини айтган. Шундан сўнг унга Рзешов–Ясионка аэропортида жорий этилган хавфсизлик чоралари ҳақида маълумот йиғиш сўралган. Россияликлар улардан келгусида Зеленскийга қарши суиқасд режасини ишлаб чиқишда фойдаланмоқчи бўлган.
Эркак шу билан кифояланмай, “Вагнер” хусусий ҳарбий компаниясига ва Россия Бош разведка бошқармасига қарашли ҳарбий бўлинмага қўшилиш истагини ҳам билдирган. У Замоск округ суди томонидан барча бандлар бўйича айбдор деб топилган бўлиб, 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Зеленскийга уюштирилган суиқасд режаси
2025-йили Украина Хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбари Васил Малюк Польшада Зеленскийга суиқасд тайёрлангани ҳақида маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, гумонланувчи истеъфодаги поляк ҳарбийси бўлиб, ўнлаб йиллар аввал Россия махсус хизматлари томонидан ёлланган. Эркак Совет Иттифоқини тиклаш ғоясига чин дилдан ишонгани боис Владимир Зеленскийни ёқтирмаган.
Маълум қилинишича, Россия махсус хизматлари Зеленскийни Рзешов аэропортида ўлдиришни режа қилган. Бу учун бир нечта вариантлар, жумладан ФПВ-дрон ёки снайпердан фойдаланиш имкониятлари кўриб чиқилган. Бироқ Украина Хавфсизлик хизмати ва Польша ҳуқуқ-тартибот идораларининг саъй-ҳаракатлари сабаб суиқасднинг олди олинган.








