Эрон 1 февралдан бошлаб Ҳормуз бўғозида икки кунлик ҳарбий-денгиз машғулотлари ўтказилишини эълон қилди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.
Бу эълон АҚШ ўзининг “Абраҳам Линкольн” авиаташувчиси ва бошқа ҳарбий кучларини Яқин Шарққа жойлаштирганидан кейин янгради.
АҚШ марказий қўмондонлиги (CENTCOM) Эрон армиясини бундан огоҳлантириб, АҚШ ҳарбий кемалари устидан учиш каби “хавфсиз бўлмаган” манёврларга, жумладан, Эрон тезюрар катерларининг АҚШ кемалари билан тўқнашув даражасида яқинлашишига тоқат қилмаслигини билдирди.
Икки давлат ўртасидаги кескинлик сўнгги ҳафталарда кучайиб бормоқда. Бунга АҚШ президенти Дональд Трампнинг Эронда ҳукуматга қарши намойишлар бостирилгани ҳамда Эрон ядровий дастурини чеклаш масаласи сабабли мамлакатга ҳужум қилиш билан бир неча бор таҳдид қилгани сабаб бўлмоқда.
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи 30 январь куни унинг мамлакати “адолатли ва ҳалол” музокараларга тайёрлигини айтди. Бироқ Трампнинг илгари сурган асосий талабларини рад этди. Ароқчининг таъкидлашича, Эроннинг мудофаа стратегияси ва ракета тизимлари ҳеч қачон музокаралар мавзуси бўлмайди.
Эрон армияси бош қўмондони Амир Ҳотамийнинг айтишича, Исроил билан сўнгги 12 кунлик уруш мамлакатнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаган ва Эронни кейинги ҳужумларга яхшироқ тайёрлаган. У бу можаро рақибларининг кучли ва заиф томонларини аниқлаш имконини берганини таъкидлади.
Эроннинг бўлажак ҳарбий-денгиз машғулотлари ўтказиладиган жой ҳақида нималар маълум?
Ҳормуз бўғози — Форс кўрфазининг тор кириш қисми бўлиб, космосдан қаралганда эгри бурилишга ўхшайди. У Уммон кўрфазига қуйилади. Шу йўл орқали кемалар дунёнинг бошқа ҳудудларига чиқади.
Ҳормуз бўғозида Эрон ва Уммоннинг ҳудудий сувлари мавжуд. Шунга қарамай, у халқаро сув йўли сифатида қаралади ва барча давлатлар кемалари бу ерда эркин қатнаши мумкин. Бирлашган Араб Амирликлари ҳам ушбу сув йўлига яқин жойлашган.
Ҳормуз бўғози тарих давомида савдо учун муҳим аҳамиятга эга бўлиб, Хитойдан керамика, фил суяги, ипак ва тўқимачилик маҳсулотлари айнан шу ҳудуд орқали олиб келинган. Замонавий даврда эса, йирик нефть танкерларининг қатнови учун бўғознинг чуқурлиги ва кенглиги етарли экани исботланган.
Саудия Арабистони ва БААда айрим нефть қувурлари мавжуд бўлиб, улар бўғозни четлаб ўтишга имкон беради. Бироқ бўғоздан ўтаётган нефть ҳажмларининг аксарияти минтақани тарк этиш учун бошқа муқобил йўлга эга эмас.
Бўғоз орқали ўтаётган нефть ва газнинг катта қисми Осиё бозорларига йўналтирилади. Ушбу йўналишга таҳдидлар илгари ҳам жаҳон энергетика нархларининг кескин ошишига олиб келган. Жумладан, 2025 йил июнь ойида Исроилнинг Эронга қарши 12 кунлик уруши даврида шундай ҳолат кузатилган.








