АҚШ Яқин Шарқда бир неча кун давом этадиган ҳарбий ҳаво машғулотларини ўтказади. Бу ҳақда АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) хабар берди.
Машғулотлар минтақага ядровий двигательли USS Абраҳам Линкольн авиаташувчиси бошчилигидаги йирик ҳарбий флот жойлаштирилгани фонида ўтказилиши кутилмоқда. АҚШ президенти Дональд Трамп ушбу флотни Эронга яқин ҳудуддаги “катта армада” деб атаган.
CENTCOM маълумотига кўра, машғулотлар ҳарбий техника ва шахсий таркиб салоҳиятини ошириш, минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва турли вазиятларга мослашувчан жавоб беришга тайёргарлик кўриш мақсадида ташкил этилади. Машғулотлар ўтказиладиган аниқ ҳудуд ва уларда қатнашадиган ҳарбийлар сони ошкор этилмаган.
CENTCOM 26 январь куни USS Абраҳам Линкольн бошчилигидаги АҚШ ҳарбий-денгиз гуруҳи минтақага етиб келганини маълум қилган эди. Трамп Axios нашрига берган интервьюсида АҚШ Эронга яқин ҳудудда “Венесуэладагидан ҳам каттароқ флот” жойлаштирганини айтган. Шу билан бирга, у Вашингтон Эрон билан музокаралар ўтказиш эҳтимолини ҳам истисно этмаётганини таъкидлаган.
Эронда 28 декабрь куни миллий валюта қадрсизланиши ортидан норозилик намойишлари бошланди. Трамп агар намойишчиларни оммавий қатл этиш ёки ўлдириш ҳолатлари юз берса, АҚШ Эронга ҳужум қилиши мумкинлиги билан таҳдид қилган.
АҚШ президенти январь ойи бошида Эронга қарши ҳужумлар уюштириш ҳақидаги баёнотларини юмшатди. Чунки Эрон ҳибсга олинган 800 нафар намойишчини осиш тўғрисидаги қарорини бекор қилганини таъкидлади. Бироқ ўтган ҳафтадан бошлаб у ҳужумлар амалга ошишини инкор этмади ва “эҳтиёт чораси сифатида” авиация ташувчи гуруҳини минтақага жўнатди.








