Украина президенти Владимир Зеленский мамлакат ҳудудлар масаласидаги позициясини ўзгартирмаганини айтди. У бу ҳақда Литва президенти Гитанас Науседа ва Польша президенти Карол Навроцкий билан бўлиб ўтган қўшма матбуот анжуманида маълум қилди.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, Россия узоқ вақтдан бери “Украина шарқда мавжуд бўлмаслиги”га уринмоқда, бироқ фронтда бу мақсадига эриша олмаяпти.
“Бизнинг позициямизни ҳамма билади. Биз ўз давлатимиз учун жанг қиляпмиз, биз бегона мамлакат ҳудуди учун жанг қилмаяпмиз <...> Бу Украина ва Россия ўртасидаги тубдан фарқ қилувчи принципиал позиция.
Америкаликлар муроса йўлини топишга ҳаракат қилмоқда. Биз уч томонлама форматда мулоқот қилишга ўтмоқдамиз. <...> Аммо муросага келиш учун барча томонлар тайёр бўлиши керак. Айтганча, Америка томони ҳам”, деди Зеленский.
У Абу-Дабидаги музокараларга изоҳ берар экан, учрашувларда 20 банддан иборат тинчлик режаси ва муаммоли масалалар муҳокама қилинганини, бундай масалалар ҳануз кўп бўлса-да, уларнинг сони камайганини таъкидлади.
Зеленский, шунингдек, Украина АҚШ ва Европадан хавфсизлик кафолатларини кутаётганини маълум қилди. У айнан шу кафолатлар урушнинг аниқ якун санасини белгилаш имконини беришини билдирди. Сиёсатчи икки томонлама АҚШ–Украина хавфсизлик кафолатлари 100 фоизга тайёр эканини, энди уларни имзолаш санаси ва жойи кутилаётганини қўшимча қилди.








