Daryo

Ғазо шимолида ўтин тераётган икки нафар бола дрон зарбасидан ҳалок бўлди

Сулҳ кучга кирганидан буён ўлдирилган ғазоликлар 483 нафарга етди. Жароҳатланганлар эса 1 300 нафардан ошди.

1 дақиқа ўқиш4 874 кўришлар0 изоҳ1

Исроил ҳарбийлари Ғазо шимолига дрондан зарба берди. Ҳужум оқибатида ўтин тераётган икки нафар фаластинлик бола ҳалок бўлди. Шундай қилиб, АҚШ воситачилигида сулҳ битими имзоланганидан буён ўлдирилган ғазоликлар сони 483 нафарга етди.

Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ҳолат Бейт Лаҳия ҳудудида содир бўлган. Дрондан берилган зарба натижасида 13 ёшли Салман аз-Завора ва унинг 15 ёшли амакиваччаси Муҳаммад аз-Заворалар вафот этган.

Бундан бир неча кун аввал икки нафар чақалоқ совуқ уриши натижасида оламдан ўтганди. Фаластин соғлиқни сақлаш мулозимларига кўра, қиш мавсуми бошланганидан буён совуқ уриши оқибатида вафот этган болалар сони 10 нафарга етган.

Қиш мавсуми ва ёғингарчилик Ғазодаги вазиятни оғирлаштирди
Фото: Arab News

Исроил томонидан жорий этилган қамал сабаб қиш мавсуми ғазоликлар учун оғир келди. Қишлаш учун зарур воситалар, жумладан, вақтинчалик бошпаналар етишмаслиги боис гуманитар инқироз янада чуқурлашган. Аҳолининг катта қисми иситиш воситаларисиз эскирган чодирларда яшашга мажбур бўляпти.

Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ўт очишни тўхтатиш бўйича сулҳ кучга кирган 2025 йил 11 октябрдан буён ҳалок бўлган ғазоликлар сони 483 нафарга, жароҳатланганлар эса 1 313 нафарга етган. Тиббий бригадалар шу давр ичида 713 жасадни вайроналар остидан олиб чиққан.

Andijonlikman, Toshkentda yashayman. Oʻzbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetini tamomlaganman. “Daryo” tahririyatida 2024-yil noyabr oyidan buyon muxbir sifatida ishlayman va siyosiy, ijtimoiy hamda harbiy yoʻnalishlarga ixtisoslashgan materiallar tayyorlayman. “If qaʼlasining mahbusi” filmini miriqib tomosha qilaman. Lev Tolstoyning asarlarini, ayniqsa, “Urush va tinchlik”ni yoqtiraman.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар