Португалия миллий терма жамоаси ҳамда Саудия Арабистонининг “Ан-Насср” клуби футболчиси Криштиану Роналду 2027-йилда профессионал футболчилик фаолиятини якунлаши мумкин. Бу ҳақда журналист Бен Жейкобс X (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.
Манбага кўра, Роналду ва “Ан-Насср” раҳбарияти футболчининг 2027-йилгача мўлжалланган амалдаги шартномасини узайтиришни режалаштирмаяпти. Шу сабабли, ўша вақтда 42 ёшга тўладиган португалиялик ҳужумчи фаолиятини якунлаш қарорини қабул қилиши эҳтимоли юқори экани таъкидланмоқда.
Шу билан бирга, ҳужумчи 2026-йилги Жаҳон чемпионатидан кейин Португалия терма жамоасидаги фаолиятини ҳам якунлаши кутилмоқда. Шунингдек, Роналду бир неча бор ўзининг асосий шахсий мақсади футболчилик фаолияти давомида 1000 та гол уриш эканини очиқ айтган. Айни пайтда тажрибали футболчининг ҳисобида 960 та гол мавжуд.
Маълумот ўрнида, Криштиану Роналду 2023-йилдан бери “Ан-Насср” шарафини ҳимоя қилади. Ҳужумчи жорий мавсум Саудия Арабистони чемпионатида 16 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 16 та гол урди ҳамда 1 та голга узатма ёздириб қўйган.








