Австралиянинг Янги Жанубий Уэлс штатидаги кичик шаҳарчада содир бўлган отишма оқибатида уч киши ҳалок бўлди, яна бир киши оғир жароҳатланди. Бу ҳақда маҳаллий полиция маълумотларига таяниб, BBC хабар берди.
Фавқулодда хизматлар 22 январь куни маҳаллий вақт билан соат 16:40 атрофида Лейк-Каржеллиго шаҳридаги турар жой ҳудудига чақирилган. Полиция маълумотларига кўра, дастлаб автомобиль ичидан отиб ўлдирилган эркак ва аёлнинг жасади топилган. Кўп ўтмай содир бўлган иккинчи отишмада яна бир аёл ҳаётдан кўз юмган, бир эркак эса оғир тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган. Ҳозирда унинг аҳволи ўта оғир деб баҳоланмоқда.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари ушбу қотилликларда гумонланаётган 37 ёшли Жулиан Инграмни қидирмоқда. Полиция унинг суратини эълон қилиб, жамоатчиликдан гумонланувчининг қаерда экани ҳақида маълумотга эга бўлганлардан зудлик билан алоқага чиқишни сўради.
The Sydney Morning Herald газетаси воқеа оилавий зўравонлик ҳужуми деб тахмин қилинаётгани ва қурбонлардан бири Инграмнинг собиқ маъшуқаси экани ҳақида хабар берди. Бироқ Янги Жанубий Уэлс полицияси комиссари ёрдамчиси Эндрю Ҳолланд ҳужумчи ва жабрланувчилар ўртасидаги муносабатларга изоҳ беришдан бош тортди. Эндрю Ҳолланд журналистлар билан учрашувда аҳолини уйларидан чиқмасликка чақирди ва воқеа жойида бир нечта жиноят ҳудудлари белгиланганини маълум қилди.
“Кичик шаҳарчадаги ҳар қандай ўлим фожиадир, бироқ одамлар ўқотар қуролдан отиб ўлдирилган саҳна ҳамма учун ўта оғир ва хавотирли бўлиши табиий. Фавқулодда хизмат ходимлари воқеа жойига етиб келганида даҳшатли манзарага гувоҳ бўлган”, деди Ҳолланд.
Маълумот ўрнида, Лейк-Каржеллиго шаҳри Янги Жанубий Уэлс штатининг марказида жойлашган бўлиб, унда тахминан 1 500 киши истиқомат қилади. Ушбу фожиа 2026 йил декабрь ойида Сиднейнинг Бонди Беач ҳудудида содир бўлган ва 15 кишининг ҳаётига зомин бўлган оммавий отишмадан сўнг юз бермоқда. Австралия ҳукумати айни пайтда қурол назоратини кучайтириш масаласини муҳокама қилмоқда.








