Хитойда ҳамкасблар биргаликда югуриш учун йиғиладиган ғайриоддий корпоратив тренд тобора оммалашмоқда. Ушбу амалиёт доирасида ходимлар нафақат спорт билан шуғулланади, балки югуриш вақтида мижозлар билан боғлиқ иш масалаларини ҳам муҳокама қилади. Аммо спортни ёқтирмайдиганлар учун янги тренд керакcиз мажбурият ва стресс сабабчисига айланмоқда.
Бундай ҳаракат мамлакатда турли марафонлар ўтказилишининг авж олган даврида юзага келди. Рақамларга назар ташласак, 2024 йилнинг ўзида Хитойда 7 миллион киши иштирокида 749 та югуриш мусобақаси ўтказилган. Шанхай марафони каби нуфузли стартларда иштирок этиш эса тобора қийинлашиб бормоқда. Масалан, 2025 йилда ариза топширганларнинг атиги 7,2 фоизигагина қатнашиш ҳуқуқи берилган.
Бугунги кунда Пекиндаги “Чаоянг” ва Олимпия ўрмон боғлари ўрта синф вакиллари учун ўзига хос норасмий офис вазифасини ўтамоқда. Айрим йирик компаниялар, хусусан, спорт саноатига ихтисослашган тармоқлар эрталабки мажлисларининг бир қисмини бевосита югуриш йўлакларига кўчирган. Бундай ёндашувдан кўзланган асосий мақсад ходимларнинг спортга қизиқувчи мижоз эҳтиёжларини яхшироқ тушунишга ҳаракат қилишидир.
Бироқ офис ташқарисидаги бундай фаол режим ҳамма учун ҳам бирдек маъқул келмаяпти. Ханчжоулик ишчи аёлнинг шикоятига кўра, унинг компанияси ходимларни ҳар куни соат 07:00 да Ғарбий кўл (West Lake) атрофида югуришга мажбур қилади. Раҳбарият томонидан қатъий минимал тезлик меъёри белгиланган бўлиб, маррага улгурмаганлар жамоа олдида очиқча танқид қилинади. Қизиғи шундаки, ходимлар ушбу мажбурий машғулотга ўз вақтида етиб бориш учун ҳар куни такси харажатларини ўзлари қоплашга мажбур бўлмоқда.
Ачинарлиси, 2024 йилда бир ёш мутахассис шанба куни ташкил этилган 10 километрлик югуриш мусобақасида қатнашишдан бош тортгани сабабли ишдан бўшатилган. 2023 йилда эса ижтимоий тармоқларда номзодлардан ойига 20 марта эрталабки югуришни талаб қилувчи ходим вакансияси эълон қилингач, кенг муҳокамаларга сабаб бўлган.
“Жингш” юридик фирмаси адвокати Яо Чжидоунинг айтишича, иш берувчиларнинг ходимлардан ишдан ташқари вақтда спорт тадбирларида иштирок этишни талаб қилиши ноқонуний ҳисобланади. Чунки спорт ихтиёрий танлов бўлиб, уни мажбурий меҳнатнинг бир қисмига айлантириш ходимларнинг компанияга бўлган садоқатини пасайтириши мумкин.








