Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг икки нафар ўғли — 19 ёшли Али (Зелимхон) ва 9 ёшли Абдулла Грозний марказида жойлашган ҳашаматли уйларга эгалик қилмоқда. Бу ҳақда “Росреестр”нинг сизиб чиққан маълумотларига таяниб “Можем обяснит” лойиҳаси хабар берди.
Маълум қилинишича, умумий қиймати 1,3 миллиард рублга баҳоланган икки бино Чеченистон раҳбари қароргоҳидан 300 метр масофада жойлашган. Абдулла Қодировга 4 минг квадрат метр ер участкаси ҳамда 2 минг квадрат метр майдонга эга уй тегишли бўлиб, ушбу мулкнинг қиймати тахминан 800 миллион рублни (10 миллион доллардан ортиқ) ташкил этади.
Қайд этилишича, дастлаб ер участкаси ва уй Рамзан Қодиров томонидан ижарага олинган, кейинчалик эса уларни ўғлига ўтказиб берган. 2023 йилда, Абдулла 7 ёш бўлган пайтда, мазкур мулк хусусийлаштирилган, бироқ нашрга кўра, уни сотиб олиш учун унинг етарли молиявий маблағи бўлмаган.
Абдулла ҳали сиёсий майдонда ўзини намоён этмаган бўлса-да, Грозний шаҳар мерияси веб сайтида унинг туғилган куни муносабати билан табриклар эълон қилинган. Хабарда Абдулла “ғайратли ва довюрак, ёшига нисбатан етук, зеҳни ўткир бола” экани, мактабда аъло баҳоларга ўқиши, Қуръонни ўрганаётгани ҳамда халқининг тарихи ва анъаналарига қизиқиш билдираётгани таъкидланган.
“Росреестр” базаси маълумотларига кўра, Абдуллага тегишли мулк яқинида унинг 19 ёшли акаси Али Қодировга қарашли ер участкаси ва уй ҳам жойлашган. Ушбу кўчмас мулкнинг қиймати 500 миллион рубль (6 миллион доллардан ортиқ) атрофида баҳоланмоқда.
Маълумотларга кўра, Али Қодиров мазкур ҳашаматли уйни 2024 йил февраль ойида Адам Касумовдан сотиб олган. Али “Акҳмат” жанговар клубига раҳбарлик қилади. 2024 йил августида у жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси сабабли “Чечен Республикаси олдидаги хизматлари учун” медали билан тақдирланган. Бундан икки ой аввал эса у Владимир Путин билан учрашган эди.
Шунингдек, Рамзан Қодировнинг яна бир ўғли — 18 ёшли Адам Қодировга ҳам Грозний марказида жойлашган тўрт қаватли, 2 минг квадрат метр майдонга эга ҳашаматли уй тегишли экани айтилмоқда. Ушбу кўчмас мулкнинг қиймати 750 миллион рублга баҳоланади.








