Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев парламентни Қурултой деб номлаш ташаббусини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда у Қизилўрдада бўлиб ўтган Миллий қурултойнинг V йиғилишидаги нутқида маълум қилди.
“Сизларга маълумки, мен бир палатали парламент тузиш ташаббусини илгари сурган эдим. Бу ғоят муҳим масала жамиятда кенг муҳокама қилинди. Асосий баҳслар янги парламент қандай бўлиши, нечта депутатдан ташкил топиши, унинг тузилмаси ва фаолият механизми атрофида кечди.
Айтишим мумкинки, бу жуда муҳим, ҳатто ҳал қилувчи масала бўлиб, чуқур ўрганишни, ҳар томонлама таҳлилни, пухта ўйлашни ва жиддий якуний қарор қабул қилишни талаб этади. Энди сизларга ишчи гуруҳда муҳокама қилинган асосий таклифларни тақдим этмоқчиман. Аввало, бўлажак парламентининг номи ҳақида ўз фикримни билдирмоқчиман. Қисқаси, уни Қурултой деб аташ керак, деб ҳисоблайман”, деди Тўқаев.
Қозоғистон президенти Қурултойнинг тарихий кўлами ва аҳамияти халқ учун тушунарли ва таниш эканини таъкидлади.
Тўқаевнинг сўзларига кўра, янги парламентда мандатлар сони 145 тагача бўлиши мумкин. Ҳозирда уларнинг сони 148 нафар. Депутатлар ягона тартиб асосида сайланади. Шунингдек, парламент таркибида 8 та қўмита бўлиши мумкин. Ўз навбатида, Қозоғистонда вице-президент лавозими ҳам жорий этилади. Бу лавозимга номзод бевосита парламент розилиги билан президент томонидан тайинланади. Янги лавозим жорий этилиши муносабати билан амалдаги бошқарув тизимида қатор қисқартиришлар амалга оширилади.“Мен Қурултойни қайта тиклаш ташаббусини 2022 йилда ўзим кўтарган эдим. Ушбу маърузанинг бошида мен Миллий қурултой фаолиятининг самарадорлиги ва фойдаси ҳақида тўхталдим. Умуман олганда, мамлакатимиз сиёсий тизимидаги ғоят муҳим давлат институтининг рамзи сифатида Қурултой номини сақлаб қолишимиз лозим, деб ўйлайман”, деди у.








