Daryo

Нигерияда қуролланган шахслар черковдан 172 кишини ўғирлаб кетди

Бир гуруҳ ҳужумчилар Кадуна штатидаги иккита черковга ҳужум уюштирди ва ибодат қилаётган одамларни ўғирлади. Аммо улардан тўққиз нафари қочишга муваффақ бўлди.

2 дақиқа ўқиш3 288 кўришлар0 изоҳ2

Нигериянинг Кадуна штатида 18 январь кунги ибодат вақтида қуролланган жангарилар икки черковга ҳужум уюштириб, 172 нафар одамни ўғирлаб кетди. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.

Нигерия Христианлар ассоциацияси раҳбари Жозеф Хаябнинг 19 январь куни маълум қилишича, ҳужумчилар кўп сонли гуруҳ бўлиб келиб, черковлар кириш қисмини тўсиб қўйган.

“Улар ибодат қилувчиларни черковдан мажбуран олиб чиқиб, бутазорлар ичига ҳайдаб кетди. Дастлаб 172 киши олиб кетилган эди, бироқ уларнинг 9 нафари қочишга муваффақ бўлди. Ҳозирда 163 киши жангарилар қўлида қолмоқда”, деди Жозеф Хаяб.

Штат парламентида ҳудуд манфаатларини ҳимоя қилувчи сиёсатчи Усман Данлами Стинго эса черковларда учта алоҳида ҳужум содир бўлганини ва ўғирланганлар сони 168 нафарни ташкил этишини билдирмоқда.

Полиция вакилининг Reuters агентлигига маълум қилишича, ҳужумчилар замонавий ўқотар қуроллар билан қуролланган эди. Ҳозирда полиция ўғирланганларнинг аниқ сонини тасдиқлаш устида изланмоқда. Ҳодиса асосан христианлар истиқомат қиладиган ва ўрмонли ҳудудда жойлашган Курмин Вали қишлоғида юз берган. Ҳудуднинг чекка экани ва йўлларнинг ёмонлиги қидирув ишларини қийинлаштирмоқда.

Одам ўғирлаш — “даромадли саноат”

Нигериянинг марказий ва шимолий ҳудудларида бундай ҳужумлар тез-тез учраб туради. Бу ерда хавфсизлик кучлари ва ҳукумат назорати сустлиги сабабли турли жиноий гуруҳлар ёки “бандитлар”, шунингдек, қуролли диний гуруҳлар чекка қишлоқларга рейдлар уюштиради. Жумладан, 2025 йил ноябрь ойида Кадуна билан чегарадош Нигер штатидаги католик мактабидан 300 дан ортиқ ўқувчи ва ўқитувчилар ўғирлаб кетилган эди. Сўнгра улар бир неча ҳафта ўтгач икки партияда қўйиб юборилган.

Нигерияда одам ўғирлаш тўлов эвазига амалга ошириладиган “тизимли даромад саноати”га айланган. СБМ консалтинг компанияси ҳисоботига кўра, 2024 йил июнь ойидан 2025 йил июль ойигача бўлган даврда жиноятчилар бу орқали 1,66 миллион доллар фойда кўрган.

Диний зиддиятми ёки ер талашиш?

Кадуна штатидаги Кажуру тумани христиан деҳқонлар ва фулани-мусулмон чорвадорлари ўртасидаги тўқнашувлар ўчоғи ҳисобланади.

“Бу этник ва диний зиддиятдек кўринса-да, зўравонликлар негизида ер ва камайиб бораётган ресурслар устидаги рақобат ётибди”, дейилади хабарда.

Нигерия аҳолиси таркибини 56 фоиз мусулмонлар (асосан шимолда яшайди) ва 43 фоиз христианлар (асосан жанубда яшайди) ташкил этади. Экспертларнинг фикрича, Нигериядаги кўп сонли можароларда ҳам христианлар, ҳам мусулмонлар бирдек нишонга олинмоқда ва буни “диний уруш” деб аташ соддалаштирилган ёндашувдир.

Бироқ АҚШ президенти Дональд Трамп Нигериядаги беқарорликка эътибор қаратиб, христианларнинг ўлдирилаётганини даъво қилмоқда. Нигерия ҳукумати мамлакатдаги хавфсизлик инқирозини “христианлар геноциди” деб аталишини рад этган.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар