Италиянинг “Интер” клуби Мадриднинг “Реал” жамоаси ҳужумкор ярим ҳимоячиси Арда Гюлерга жиддий қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда журналист Экрем Конур X (собиқ Twitter) тармоғидаги саҳифаси орқали хабар берди.
Манбага кўра, “Интер” ёзги трансфер ойнаси вақтида 20 ёшли футболчини сотиб олиш орқали жамоани кучайтиришни мақсад қилган. Аммо туркиялик ярим ҳимоячи ҳозирда бор эътиборини “қироллик клуби” сафидаги ўйинларига қаратган ва асосий таркиб учун курашни давом эттирмоқчи. Шу боис унинг бошқа жамоага ўтиш эҳтимоли паст баҳоланмоқда. Қайд этилишича, қишки трансфер ойнаси вақтида Лондоннинг “Арсенал” клуби Гюлер бўйича мурожаат қилган, бироқ футболчи “Реал”да қолишни афзал кўрган.
Аввалроқ футболчига Англия Премьер Лигасининг “Ливерпуль” ва “Манчестер Юнайтед” клублари қизиқиш билдиргани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Аммо ҳозирча томонлар ўртасида музокара бўлиб ўтгани йўқ.
Маълумот учун, жорий мавсумда Арда Гюлер барча мусобақалар доирасида 30 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 3 та гол ва 10 та голли узатма ёзидирб қўйган. Футболчининг “Реал” билан шартномаси 2029 йил ёзигача амал қилади. Transfermarkt портали маълумотларига кўра, Гюлернинг бозор қиймати 90 миллион еврони ташкил этади.








