Daryo

Испанияда икки тезюрар поезд тўқнашиб кетди: 21 киши ҳалок бўлди (видео)

Ҳодиса икки қарама-қарши келаётган поездлардан бирининг рельсдан чиқиб кетиши оқибатида содир бўлди. Воқеада қарийб 100 киши жароҳатланган бўлиб, улардан 25 нафарининг аҳволи оғир.

2 дақиқа ўқиш5 019 кўришлар0 изоҳ3

Испанияда 18 январь куни кечаси мудҳиш темир йўл ҳалокати юз берди. Икки тезюрар поезднинг тўқнашиб кетиши оқибатида камида 21 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда полиция манбаларига таяниб, Reuters хабар берди.

Воқеа Мадрид вақти билан соат 18:40 ларда, поезд Кордова провинциясидан Мадрид йўналиши бўйича ҳаракатни бошлаганидан 10 дақиқа ўтиб содир бўлган. Кордова провинциясидаги Адамуз шаҳри яқинида (Мадриддан 360 километр жанубда) Малага—Мадрид йўналишида кетаётган Ирё 6189 поезди рельсдан чиқиб кетган ва қарама-қарши йўналишга ўтиб кетган.

Оқибатда у Мадриддан Уэлва шаҳрига қараб кетаётган Renfe компаниясига қарашли Алвиа поезди билан тўқнашган. Зарба оқибатида иккинчи поезд ҳам рельсдан чиқиб, 4 метр баландликдаги кўтармадан пастга қулаган.

Талафот ва жароҳатланганлар

Сўнгги маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида 21 киши (жумладан, Мадрид—Уэлва поезди машинисти ҳам) қурбон бўлган. Жами жароҳатланганлар сони 100 киши бўлиб, улардан 25 нафарининг аҳволи оғир. Таъкидланишича, Ирё поезди бортида 300 дан ортиқ, Renfe поездида эса 100 га яқин йўловчи бўлган.

“Айни пайтда шифохоналарда 18 киши қолмоқда: 6 киши ўта оғир, 5 киши оғир ва 7 киши турли даражадаги жароҳатлар билан даволанмоқда. Қурбонлар сонининг яна ортишидан хавотирдамиз”, деди Андалусия соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбари Антонио Санс. 

“Тушунарсиз ҳолат”

Испания транспорт вазири Оскар Пуэнте Мадриднинг Аточа вокзалида ўтказилган матбуот анжуманида ҳалокат сабаблари ҳозирча номаълумлигини айтди. У поезднинг айнан текис йўлда рельсдан чиқиб кетганини жуда ғалати деб баҳолади. Маълум қилинишича, йўлнинг ушбу қисми 2025-йилнинг май ойида янгиланган эди. El Pais нашрининг ёзишича, тўқнашув вақтида Renfe поезди тахминан 200 километр/соат тезликда ҳаракатланаётган бўлган.

Расмийлар муносабати

Испания бош вазири Педро Санчес 19 январь кунги барча учрашувларини бекор қилиб, бор эътиборини фожиага қаратишини маълум қилди. Қирол ва қиролича ҳам воқеалар ривожини хавотир билан кузатиб бормоқда. Хорижий элчихоналар ўз ходимларига хавфсизликларини тасдиқлаш ҳақида хабарлар юборган.

Айни пайтда ҳалокат жойида ҳарбийлар ва фавқулодда вазиятлар хизмати ходимлари қутқарув ишларини олиб бормоқда. Адиф компанияси Мадрид ва Андалусия ўртасидаги барча поездлар ҳаракатини тўхтатган.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар