Миллиардерлар ҳар қачонгидан ҳам бойиб, сиёсат, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар устидан назоратини тобора кучайтирмоқда. Бу ҳақда Oxfam халқаро ёрдам ташкилоти ўзининг тенгсизлик кучайиб бораётгани ҳақидаги йиллик ҳисоботида маълумот берди.
Ҳисоботда можаролар кўпайиб, норозилик намойишлари авж олган бугунги дунёда бойлар ва камбағаллар ўртасидаги тафовут кескин кенгаяётгани қайд этилган. Oxfam таҳлилига кўра, 2025-йилда миллиардерларнинг жами бойлиги 2,5 триллион долларга ошган. Бу деярли инсониятнинг энг камбағал ярми — 4,1 миллиард кишининг умумий бойлигига тенг.
Oxfamнинг тенгсизлик бўйича йиллик ҳисоботининг эълон қилиниши Швейцариянинг Давос шаҳрида ўтказиладиган Жаҳон иқтисодий форуми йиғилиши очилишига тўғри келди. Ушбу анжуманда ҳар йили дунёнинг қарийб мингга яқин энг бой одамлари, сиёсий етакчилар ҳамда оз сонли фаоллар иштирок этади.
Oxfam ўз ҳисоботида супер бойлар ахборот ва алоқа воситалари, жумладан анъанавий ҳамда янги оммавий ахборот платформалари устидан тобора кўпроқ назорат ўрнатаётганини таъкидлаган.
- Мисол тариқасида Жефф Безоснинг Амазон эгаси сифатида The Washington Post газетасини сотиб олгани, Илон Маскнинг X (собиқ Twitter) платформасини қўлга киритгани, Патрик Сун-Шионгнинг Los Angeles Times газетасини харид қилгани ҳамда миллиардер Винсент Боллоренинг Франциядаги CНеwс телеканалига эгалик қилаётгани келтирилади.
“Ўта бойларнинг сиёсатчилар, иқтисодиёт ва оммавий ахборот воситалари устидан ҳаддан ташқари катта таъсири тенгсизликни чуқурлаштирди ва бизни қашшоқликка қарши курашда тўғри йўлдан чалғитди. Ҳукуматлар сифатли соғлиқни сақлаш, иқлим ўзгаришига қарши чора-тадбирлар ва адолатли солиқ каби масалаларда халқ эҳтиёжларини инобатга олиши керак”, деди Oxfam ижрочи директори Амитабҳ Беҳар.
Oxfam маълумотига кўра, миллиардерларнинг оддий фуқароларга нисбатан сиёсий лавозимларни эгаллаш эҳтимоли 4 минг баробар юқори. Ташкилот 66 та мамлакатда ўтказилган сўровномага таяниб, шундай хулосага келган. Унда қатнашганларнинг деярли ярми ўз мамлакатларида бойлар кўпинча сайловларни “сотиб олиши”ни айтган.
“Бойлар ва аҳолининг қолган қисми ўртасидаги тафовутнинг кенгайиши бир вақтнинг ўзида жуда хавфли ва барқарор бўлмаган сиёсий бўшлиқни юзага келтирмоқда”, деди Беҳар.
- “Яшаш тобора қиммат ва чидаб бўлмас бўлиб бормоқда”
Oxfam 2025-йили 68 мамлакатда ҳукуматга қарши 142 та йирик норозилик намойиши бўлиб ўтганини, уларнинг аксариятига расмийлар зўравонлик билан жавоб берганини ҳам қайд этди.
“Ҳукуматлар элита манфаатларига ён босиб, бойликни ҳимоя қилмоқда, одамларнинг ҳуқуқлари ва ҳаёти тобора қиммат ва чидаб бўлмас бўлиб бораётганидан келиб чиққан норозиликни эса бостирмоқда”, деди Беҳар.
Сиёсий тарғиботдан ташқари, Oxfam дунё бўйлаб гуманитар ёрдам кўрсатувчи хайрия ташкилоти ҳисобланади. У Исроил ҳужумлари оқибатида Ғазода мажбурий очарчилик хавфи кучаяётгани ҳақида бир неча бор огоҳлантирган. Шунингдек, Oxfam 2025 йил охирида Исроил томонидан Фаластин анклавидан чиқарилиши тақиқланган 37 та халқаро ёрдам ташкилотидан бири бўлган.








