Daryo

АҚШ Сурияда “Ал-Қоида” етакчиларидан бирини йўқ қилди

Ҳалок бўлган шахс декабрь ойида уч нафар америкалик фуқарони ўлдирган, ИШИД билан алоқаси бўлган.

1 дақиқа ўқиш3 739 кўришлар0 изоҳ4

АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) Сурияда ўтказилган махсус операция натижасида “Ал-Қоида” билан алоқадор бўлган “террорчи” йўқ қилингани ҳақида ҳисобот берди.

CENTCOM’нинг X ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифасида маълум қилинишича, авиазарба 16 январь куни Суриянинг шимоли-ғарбий ҳудудларидан бирига берилган. Операция давомида “Ал-Қоида” билан алоқадор бўлган ва ИШИД террорчиси билан бевосита алоқа ўрнатган Билол Ҳасан ал-Қосим ўлдирилган. Марказий қўмондонлик маълумотларига кўра, айнан шу шахс 2025 йил 13 декабрда содир этилган ва уч нафар америкаликнинг ўлимига сабаб бўлган ҳужум учун масъул ҳисобланади.

Уч нафар америкалик учун қасос

CENTCOM қўмондони адмирал Бред Купер мазкур операция юзасидан шундай деди:

“Уч нафар америкаликнинг ўлимига сабабчи бўлган террорчининг йўқ қилиниши бизнинг кучларимизга ҳужум қилган террорчиларни таъқиб қилишдаги қатъиятимизни кўрсатади. Америка фуқаролари ва жангчиларига ҳужум қиладиган, режалаштирадиган ёки уларни илҳомлантирадиганлар учун хавфсиз жой йўқ. Биз сизни барибир топамиз”.

Маълумот ўрнида, 2025 йил 13 декабрь куни Сурияда ИШИД террорчиси томонидан уюштирилган қуролли ҳужум оқибатида икки нафар АҚШ ҳарбий хизматчиси ва бир нафар таржимон ҳалок бўлган эди. Ўша тўқнашувда яна уч нафар ҳарбий жароҳатланган, ҳужум қилган террорчининг ўзи эса отишмада ўлдирилган эди.

Ушбу ҳужумни АҚШнинг Анқарадаги элчиси ва Сурия бўйича махсус вакили Том Баррак кескин қоралаган эди. АҚШ президенти Дональд Трамп эса мазкур воқеага нисбатан жавоб зарбаси берилишини таъкидлаган эди.

ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан “террорчилик ташкилоти” деб топилган.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар