Польша иттифоқчиси Украинага 9 тагача МиГ-29 қирувчи самолётларини топшириши мумкин. Бу ҳақда мамлакат мудофаа вазири ўринбосари Павел Залевски TVP World телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Залевскийнинг айтишича, ҳозирда Украина Мудофаа вазирлиги билан техник музокаралар олиб бориляпти. Гап, аввало, самолётларни топшириш тартиби, техник хизмат кўрсатиш ва эксплуатация масалалари ҳақида кетмоқда.
“Ҳозирда Украина Мудофаа вазирлигининг якуний жавобини кутяпмиз. Музокаралар давом этмоқда ва улар асосан техник характерга эга”, деган Залевский.
Польша томони маълумотига кўра, Украина таклифни принципиал жиҳатдан қабул қилган. Дастлабки босқичда 10 тадан кам самолёт топширилиши режалаштирилмоқда. Қолган қирувчилар кейинроқ берилиши мумкин. Мулозим жараёнда логистика, эҳтиёт қисмлари, учувчиларни ўқитиш ва техник тайёргарлик каби масалалар муҳимлигини таъкидлади.
Поляк расмийларига кўра, мамлакат ихтиёридаги МиГ-29 қирувчиларининг хизмат муддати тугаб боряпти. Модернизация дастурларини давом эттиришнинг эса имкони йўқ. Қолаверса, Варшава жанговар самолётлари паркини НАТО стандартларига мувофиқ янгиламоқчи. Шу боис ҳарбийлар уларни Украинага топшириш мақсадга мувофиқ деб ҳисобламоқда.
Бироқ келишув бир томонлама ҳарбий ёрдам эмас. Қирувчилар эвазига Украина Польшани жанг майдонида синовдан ўтган дрон технологиялари ва улардан фойдаланиш бўйича тактик-техник тажрибани баҳам кўради.








