Фарзанддан айрилиш инсон тасаввур қила олмайдиган даражада юракни эзувчи фожиадир. Афсуски, бундай оғир синов машҳур инсонларни ҳам четлаб ўтмаган. Қуйида фарзанд доғи дардини бошидан кечирган машҳур ота-оналар ёдга олинади.
Томми Ли Жонс
Голливуд актёри Томми Ли Жонс 1 январь куни оғир йўқотишга учради. Унинг қизи Виктория Жонс Сан Францискодаги меҳмонхонада вафот этган ҳолда топилди. У 34 ёшда эди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотига кўра, актрисанинг танасида жароҳатлар ёки зўравонлик аломатлари аниқланмаган. Шунингдек, воқеа жойида гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш билан боғлиқ ҳеч қандай буюм топилмаган. Полиция вакиллари Викториянинг ҳаётдан кўз юмиши билан боғлиқ ҳолда олдиндан хавотирли ҳолатлар ёки шубҳали белгилар қайд этилмаганини маълум қилди.
Ўлимнинг аниқ сабаблари бўйича текширув ишлари давом этмоқда.
Силвестр Сталлоне
Жангари фильмлар юлдузи Силвестр Сталлоненинг ўғли Сайж Сталлоне 2012 йил 13 июль куни 36 ёшида Лос Анжелесдаги уйида вафот этган ҳолда топилган. Дастлаб унинг ўлими турли тахмин ва миш-мишларга сабаб бўлган бўлса-да, суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, Сайж юрак хуружидан вафот этгани расман тасдиқланган. Мутахассислар унинг юрак қон томирларида атеросклероз аломатлари аниқланганини билдирган, ўлимда гиёҳванд моддалар ёки спиртли ичимликлар излари топилмаган.
Сайж Сталлоне актёрлик фаолиятини жуда ёшлигида бошлаган. У 1990-йилда суратга олинган “Рокки V” фильмида отаси Силвестр Сталлоне билан бирга рол ижро этиб, Роккининг ўғли — Роберт Балбоа образини гавдалантирган.
Ўғлининг бевақт ўлими Силвестр Сталлоне учун оғир руҳий зарба бўлган. Ушбу фожиадан сўнг Сталлоне бир муддат жамоатчиликдан чекиниб, оиласи даврасида бўлишни афзал кўрган.
Тим Рот
2022 йил 31 октябрь куни британиялик актёр Тим Рот баёнот бериб, 25 ёшли ўғли Кормак Рот саратон касаллиги оқибатида вафот этганини маълум қилди. Кормак истеъдодли бастакор ва гитарачи бўлиб, унга бир йил аввал саратоннинг учинчи босқичи ташхиси қўйилган эди. У касалликка жасорат билан қарши курашди, бироқ 16 октябрь куни оиласи бағрида ҳаётдан кўз юмди.
Жон Траволта
2009 йил январь ойида актёр Жон Траволтанинг 16 ёшли ўғли Жетт Траволта Багама оролларида оилавий дам олиш пайтида фожиали тарзда вафот этган. Ҳодиса уларга тегишли виллада содир бўлган.
Расмий маълумотларга кўра, Жетт тутқаноқ хуружи (эпилептик хуруж) вақтида ҳушини йўқотиб, ҳаммомда йиқилган ва бошидан олган жароҳати оқибатида ҳаётдан кўз юмган. Жетт Траволта болалигидан эпилепсия ва аутизм спектри билан боғлиқ муаммолардан азият чеккан. Жон Траволта ва унинг рафиқаси, актриса Келли Престон ўғлининг соғлиги учун йиллар давомида кураш олиб борган, уни доимий тиббий назорат остида сақлашга ҳаракат қилган.
Фожеадан сўнг актёр бир муддат кино фаолиятидан чекиниб, бутун эътиборини оиласига қаратган. У рафиқаси ва қолган фарзандлари — қизи Элла Блу ва кейинчалик дунёга келган ўғли Бенжамин билан бирга қайғуни енгишга ҳаракат қилган.
Майк Тайсон
Машҳур боксчи Майк Тайсон ҳам фарзанд доғи каби оғир фожиани бошдан кечирган. 2009 йил май ойида спортчининг тўрт ёшли қизи Эходус Тайсон АҚШнинг Аризона штатидаги уйида содир бўлган бахтсиз ҳодиса оқибатида вафот этган.
Расмий маълумотларга кўра, қизалоқ уйдаги югуриш тренажёрида осилиб турган электр арқон билан ўйнаётган пайтда бўйнига ўралиб қолган. Ҳодиса Эходуснинг акаси томонидан пайқаб қолинган ва у дарҳол онасига хабар берган. Қизча зудлик билан шифохонага етказилган бўлса-да, шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қола олмади. Эходус бир неча кундан сўнг шифохонада вафот этди.
Чарли Чаплин
Жаҳон киноси афсонаси Чарли Чаплин ҳам фарзанд айрилиқ дардини бошидан кечирган. Унинг биринчи фарзанди Норман Спенсер Чаплин туғилганидан уч кун ўтиб вафот этган. Орадан йиллар ўтиб, актёрнинг ўғли кичик Чарли Чаплин ҳам 1968-йилда ўпкасига қон қуйилиши оқибатида ҳаётдан кўз юмган.
Криштиану Роналдо
2022-йилда футбол юлдузи Криштиану Роналдо ва унинг жуфти Жоржина Родригес янги туғилган эгизак фарзандларидан бири вафот этганини маълум қилган. Роналду бу воқеани “ота-она бошидан кечириши мумкин бўлган энг катта оғриқ” деб атаган. Шунингдек, у омон қолган қизалоғининг туғилиши уларга бу оғир дамларда умид ва куч берганини айтган.








