Мисрлик ҳужумчи Омар Мармуш январь ойидаёқ “Манчестер Сити” сафини тарк этиши мумкин. Бу ҳақда ТЕАМталк нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, футболчига “Тоттенҳэм” жиддий қизиқиш билдирмоқда. Томонлар ўртасидаги музокаралар якуний босқичда бўлиб, Мармушнинг ўзи ҳам “Манчестер Сити”ни январь ойидаги трансфер ойнасида тарк этишга тайёр. Чунки “шаҳарликлар” январь ойида “Борнмут”дан Антуан Семеньони сотиб олди. Бу эса Мармушнинг фаолиятига жиддий таъсир ўтказиши мумкин.
26 ёшли мисрлик ҳужумчи 2025 йил январида Франкфуртнинг “Айнтрахт” клубидан 68 миллион евро эвазига “Манчестер Сити”га ўтган эди. Бироқ у “Этиҳад”да етарли ўйин амалиётига эга бўлмаяпти. Бунга Эрлинг Ҳоланднинг асосий ҳужумчи эканлиги, шунингдек, Савиньо, Жереми Доку, Бернарду Сильва, Оскар Бобб ва Фил Фоден билан кучли рақобат сабаб бўлмоқда. “Манчестер Сити” бош мураббийи Хосеп Гвардиола Мармушни қўйиб юборишга шошилмаяпти. Мутахассис зич ўйинлар тақвимида футболчининг жамоага ёрдами тегишини айтмоқда.
Мармуш жорий мавсумда барча мусобақалар доирасида жами 15 та ўйинда майдонга тушган бўлиб, кўпинча захирадан ўйинга қўшилган. Унинг Англия Премьер Лигасидаги умумий ўйин вақти атиги 206 дақиқани ташкил этмоқда. Агар трансфер амалга ошса, футболчи январда “Тоттенҳэм” аъзосига айланиши мумкин.








