“Астон Вилла” бош мураббийи, испаниялик мутахассис Унаи Эмери Англия Премьер Лигасининг 2025 йил декабрь ойидаги энг яхши мураббийи сифатида эътироф этилди.
Декабрь ойида “Астон Вилла” АПЛ доирасида 6 та учрашув ўтказиб, уларнинг 5 тасида ғалаба қозонди. Бирмингем клуби “Брайтон” (4:3), “Арсенал” (2:1), “Вест Ҳэм” (3:2), “Манчестер Юнайтед” (2:1) ва “Челси” (2:1) устидан зафар қучди. Жамоа фақатгина “Арсенал”га қарши сафар учрашувида 1:4 ҳисобида мағлубиятга учради.
Ушбу соврин учун Микель Артета (“Арсенал”), Пеп Гвардиола (“Манчестер Сити”) ва Даниэль Фарке (“Лидс Юнайтед”) ҳам даъвогарлик қилган эди.
Маълумот учун, “Астон Вилла” ҳозирда АПЛ турнир жадвалида учинчи ўринни эгаллаб турибди ва чемпионлик учун кураш олиб бормоқда. Бу мукофот Эмери учун 2023 йилдан буён қўлга киритилган илк соврин бўлиб, мутахассис ўша йилнинг апрель ва декабрь ойларида ҳам энг яхши мураббий деб топилган эди.
Шунингдек, “Лидс Юнайтед” ҳужумчиси Доминик Калверт-Льюин АПЛда 2025 йил декабрь ойининг энг яхши футболчиси деб топилди.
Декабрь ойида Калверт-Льюин 5 та учрашувда майдонга тушиб, 6 та гол муаллифига айланди. У “Челси” ва “Кристал Пэлас”га қарши баҳсларда ғалабали голларни урган бўлса, “Брентфорд”, “Сандерленд” ҳамда “Ливерпуль”га қарши учрашувларда жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди.
Мазкур мукофот учун Эрлинг Ҳоланд (“Манчестер Сити”), Олли Уоткинс (“Астон Вилла”) ва Уго Экитике (“Ливерпуль”) ҳам даъвогар бўлган.
Ҳозирда Калверт-Льюин АПЛ тўпурарлар рўйхатида 10 та гол билан Антуан Семеньо (“Манчестер Сити”) билан бирга учинчи ўринни бўлишиб турибди. У фақат Эрлинг Ҳоланд (“Манчестер Сити”, 20 та гол) ва Игор Тиагодан (“Брентфорд”, 16 та гол) ортда қолмоқда.








