Эрон спорт жамоатчилигининг уч нафар вакили — собиқ футболчи Можтаба Торшиз, ёш баскетболчи Аҳмад Хосравани ва футбол мураббийи Меҳди Лавасани Теҳронда бўлиб ўтган норозилик намойишлари вақтида ўқотар қуролдан яраланиб, ҳалок бўлди. Бу ҳақда Hengaw нашрига таяниб Championat хабар берди.
Манбага кўра, фожеа 2026 йил 8 январь куни кечқурун содир бўлган. Икки ёшли фарзанднинг отаси бўлган Меҳди Лавасани ўқдан яраланиб воқеа жойида вафот этган. Аҳмад Хосравани 21 ёшда бўлиб, у Шариф технология университетида таҳсил олган ва Фарзан Шемиран клубининг 3х3 баскетбол жамоаси сафида ўйнаган. Можтаба Торшиз эса фаолияти давомида Эроннинг бир қатор футбол клубларида, жумладан, “Нассажи Мазандаран”, “Трактор”, “Фажр Сепаси” ва “Мес Керман” жамоаларида ўйнаган.
АҚШда жойлашган Human Rights Activists News Agency (HRANA) маълумотига кўра, декабрь ойи охирида бошланган ҳукуматга қарши норозилик намойишлари давомида Эронда камида 2 403 киши ҳалок бўлган. Ташкилот хабарига кўра, қурбонлар орасида 12 нафар вояга етмаган шахслар ҳам бор. Шунингдек, намойишлар даврида камида 18 137 киши ҳибсга олингани қайд этилган.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон терма жамоасининг 5 нафар футболчиси — Остон Ўрунов, Жалолиддин Машарипов, Одил Ҳамробеков, Рустам Ашурматов ҳамда Игор Сергеев Эрон чемпионатида тўп тепади.








